Янги ўқув йили бошланиши билан олий таълим муассасалари олдида юқларини кўтарган талабалар ва уларнинг ота-оналари ётоқхонадан жой олиш илинжида йиғила бошлади. «Газета.uz» мухбирларининг «Талабалар шаҳарчаси»дан тайёрлаган ва талабаларнинг ётоқхона ёки ижарага уй олишдаги муаммолари акс этган мақоладан сўнг, 9 сентябрь куни олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов матбуот анжумани ўтказди. Ўша куниёқ шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев талабаларни Tashkent Index ҳудудидаги 10 минг ўринли бинога жойлаштиришни таклиф қилди.

Янгиҳаёт туманида жойлашган ва талабалар учун ҳозирланаётган мазкур обьектдан «Газета.uz» мухбирлари Миролим Исажонов ва Мадина Аъзам фоторепортаж тайёрлади.



«Газета.uz»га Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги масъуллари маълум қилишича, Tashkent Index савдо мажмуасидаги икки қаватли дўконларнинг тепа қисми ётоқхонага айлантирилиб, 10 минг кишига жой қилиняпти. Лекин бу комплексда 20 минг талабага ҳам жой қилиш имконияти мавжуд. Пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев эҳтиёжга қараб, кенгайтириш мумкинлигини айтмоқда.

Вазирлик маълумотига кўра, Тошкентда қурилиши керак бўлган ётоқхоналар бунёд этилиб, тайёр бўлгунга қадар савдо мажмуаси вақтинча ётоқхона вазифасини бажаради.

«Жорий ҳафта давомида олий таълим муассасалари раҳбариятлари ётоқхонада туриш истагидаги талабалар рўйхатини шакллантиради. Кейинги ҳафтадан эса кўчиш жараёни бошланади. Талабалар бу ерда ўқув йили якунигача яшаб туриши кўзда тутилмоқда. Катта савдо комплексини ётоқхонага айлантириш осон иш эмас. Ҳамма харажат ва ҳаракат шаҳар ҳокимлиги томонидан амалга ошириляпти», — деди вазирлик масъуллари.







Таъкидланишича, ётоқхона ва унга яқин бўлган метро бекатлари орасидаги масофа 1,5−2 кмни ташкил қилади. Талабаларни вақтида ўқишга бориши ва ётоқхонага қайтиши учун автобуслар йўлга қўйилади.

«Ўнлаб автобуслар ётоқхонага яқин бўлган бир қанча метро станцияларига бириктирилиб, талабаларни тақсимланган ҳолда олиб боради. Ўқишдан қайтишда ҳам метро бекатидан олиб келиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Шу тариқа талабалар ҳам график асосида кун ўтказишга одатланади. Айни пайтда автобус харажатлари масаласи кўриб чиқилмоқда», — дея қайд этди Олий таълим вазирлиги.


Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Азиз Тошпўлатов.

Ҳозирда савдо мажмуасида жиҳозлаш жараёнлари қизғин кечмоқда. Мазкур ётоқхона вақтинча бўлишига қарамай, яшаш, овқатланиш, хавфсизлик, саломатлик ва транспорт билан боғлиқ масалалар бўйича аниқ ечим ва режалар ишлаб чиқилмоқда.

«Бир талаба учун ижара нархи 200 минг сўм атрофида бўлади. Талабаларнинг давлат ётоқхоналарига тўлайдиган маблағи (200 мингдан — 250 минг сўмгача) ўзгаришсиз қолади», — дейди вазирлик вакиллари.

Талабалар ошхонаси жиҳозланмоқда

Талабалар кир ювиш ва қуритиш зали жиҳозланмоқда

Талабалар ювиниш хоналари таъмирланиб, жиҳозланмоқда.