Ўзбекистонда 24 августдан — 12 сентябргача «Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг 3-босқичи — лойиҳаларга овоз бериш жараёни кетаётган эди. Ҳозирда муддат яна 5 кунга узайтирилиб, 17 сентябргача этиб белгиланган.

Бунда фуқаролар инфратузилмани яхшилаш, хиёбонлар, болалар ва спорт майдончалари, ички йўлларни қуриш, мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш ҳамда бошқа масалалар бўйича лойиҳаларни таклиф этиб, маҳаллий бюджетнинг тақсимланишида иштирок этишлари мумкин.

Фуқаролар овоз бериш жараёнларида кўпроқ овоз тўплаш учун аҳолига турли илтимослар билан мурожаат қилишмоқда. Масалан, кимлардир ижтимоий тармоқдарда одамлардан овоз бергани эвазига телефон рақамига пул ташлаб бераётган бўлса, кимлардир «Овоз беринг, Пепси ичинг» шиори остида фуқаролардан ўз лойиҳаларига овоз тўплаяпти. «Газета.uz» улардан бир нечтасини жамлади.

Қолаверса, Telegram`да ҳам махсус канал ва ботлар очилиб, фуқаролар овоз бериш эвазига ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига пул беряпти.


Ҳозирда порталга 61566 та ташаббусли лойиҳа келиб тушган. Унинг 37655 таси овоз бериш жараёнида қатнашмоқда. Улар орасидан энг кўп овоз тўплаган лойиҳалар ғолиб деб топилади.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» мазкур платформа ва ундан фойдаланиш тартиблари ҳақида қўлланма тайёрлаганди.