Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг маданият ва санъат масъуллари, театрлар раҳбарлари, вилоятдаги олий таълим муассасалари ректорлари, санъаткорлар, сўз усталари, ёш ижодкорлар билан учрашуви бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тадбирда вилоят раҳбари аҳоли кайфиятини кўтарувчи байрам тадбирларини, турли маданий-маърифий кечаларни кўпайтириш лозимлиги таъкидлади. Вилоят маданият ва санъат соҳасини янги босқичга олиб чиқиш бўйича қатор ташаббус ва вазифаларни эълон қилди.

«Хусусан, вилоят ҳокимининг ўринбосари Файзулло Қосимов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ аъзолари ҳар бир вилоят байрам тадбири учун янги ғоялар, дастурлар, таклифларни ўртага ташлаб, бири бошқасини такрорламайдиган сценарийлар ишлаб чиқиш учун масъул бўлади. Бундан буён Фарғона вилоятида ўтказиладиган барча тадбирларда саҳнага чиқадиган қўшиқчилар ва қўшиқлар очиқ танлов асосида танлаб олинадиган бўлди», — дейилади хабарда.

Ҳокимликка кўра, вилоят раҳбарининг Фарғонада вилоят байрам тадбирларида фонограммада қўшиқ айтиш тақиқланиши, ижрочилар саҳнада чолғучилар билан бирга жонли ижрода куйлаши борасидаги кўрсатмаси санъат аҳли томонидан маъқулланди. Келгуси йилдан бошлаб Фарғонада ва Қўқонда республика театрлари фестивали, шунингдек, республикадаги ва қўшни давлатлардаги рус театрлари фестивали ўтказилиши белгилаб берилди.

Шунингдек, вилоятда яшаб ўтган буюк санъаткорлар хотирасига бағишланган Санъат ҳафталиклари, ойликлари ташкил этиладиган бўлди. Вилоят бўйлаб миллий фестиваллар, сайллар, халқ ўйинлари, сўз санъати тадбирлари ўтказилиши белгиланди.