Президент томонидан «Тадбиркорлик субектлари фаолиятида текширувлар ўтказишни мувофиқлаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди, дея хабар бермоқда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати.

Қарорга мувофиқ, 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олинади. Мазкур тизимда рўйхатга олинмаган текширувларни ўтказиш ноқонуний ҳисобланади.

Шунингдек, текширувларнинг натижалари ҳамда профилактика тадбирлари тўғрисида маълумот текширув ёки профилактика тадбирлари тугаган кундан бошлаб уч кун муддатда «Ягона давлат назорати» ахборот тизимига киритилади. Назорат қилувчи органлар:

  • «хавфни таҳлил этиш» тизими натижаларига асосан ўтказиладиган текширувларнинг бошланиши ҳақида камида 10 иш куни олдин тадбиркорлик субектини хабардор қилади;
  • тадбиркорлик субектининг илгари текширилган фаолият давридаги предмети ва объекти бўйича қайта текширув ўтказишга ва тадбиркорлик субъекти томонидан аввал тақдим этилган ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмас.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субектлари учун профилактика тадбирларини тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган режа-графиклар асосида тадбиркорлик субъектлари молия-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда семинарлар, оммавий муҳокамалар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, «очиқ эшиклар куни» тадбирларини ташкил этиш, шунингдек, тарқатма материал ва қўлланмалар билан таъминлаш, тавсия ва хабарлар юбориш шаклларида амалга оширади.

Тадбиркорлик субектлари назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахсларини текширув ўтказиш учун ўз ҳудудига қўймасликка ҳақли, агар

  • текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруқ ўрнатилган тартибда расмийлаштирилмаган бўлса;
  • текширув белгиланган тартибда Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилмаган ёки у хабардор этилмаган бўлса;
  • тадбиркорлик субектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома мавжуд бўлмаса;
  • назорат қилувчи органлар Текширувларни рўйхатга олиш китобига маълумотларни киритишдан бош тортса.

2023 йил 1 январдан назорат қилувчи органларга «Ягона давлат назорати» ахборот тизимидаги давлат назорати функциялари реестрига киритилмаган функциялар бўйича тадбиркорлик субектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш тақиқланади. Шунингдек, мазкур қарор билан «Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субектлари фаолиятида текширувлар ва профилактика тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом» тасдиқланди.