Пойтахтнинг Чилонзор туманида Dream House Stroy компаниясига ажратилган ва метал девор билан ўраб олинган 0,2 гектар майдонда 58 туп ҳар хил турдаги дарахтлар қонунга хилоф равишда кесиб ташлангани учун жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов маълум қилди.

Кесилган дарахтлар ортидан табиатга 797,7 млн сўм зарар етказили.

Ўтказилган текшириш натижасига кўра, қурувчи ташкилот мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Улар БҲМнинг 150 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари кетмоқда.

Яқинда Чилонзор кўчасида 100 дан ортиқ дарахт шикастлангани ҳақида хабар берилганди. Ҳар икки воқеа туман прокуратураси яқинида содир этилди. Биринчи ҳолат давлат раҳбаригача етиб борганди. Президент топшириғига асосан Чилонзор тумани ҳокими Шавкат Мавлонов ва прокурори Иззат Бозоров ишдан бўшатилганди. Қолаверса, пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва прокурори Улуғбек Қосимовга қаттиқ ҳайфсан берилганди.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 30 декабрдаги фармони билан мамлакатда дарахтларни кесишга муддатсиз мораторий жорий қилинди. Шунга қарамасдан ҳудудларда дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатлари давом этмоқда.

Мисол тариқасида, январь ўрталарида Андижон вилояти перинатал марказида 12 туп дарахт кесиб ташлангани ҳақида ёзган эдик. Ўшанда Ўзбекистон Экология давлат қўмитаси «дастлабки тергов натижаларига кўра, ҳудуддаги дарахтларни кесиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органи билан келишилмаган. Мазкур ҳудуддаги дарахтларни кесишга қонунчиликда белгиланган тартибда экология органи хулосаси ва рухсатнома берилмаган», — деб маълум қилган эди.

Бундан ташқари, 3 ферваль куни Тошкентнинг Юнусобод туманида Амир Темур ва Чинобод кўчалари чорраҳаси ёнида жойлашган кўп қаватли уйлар билан автомобиль йўли орасидаги дарахтларга учинчи маротаба суиқасд қилингани ҳақида ёзгандик. Тадбиркор соат 18:13 да бетон аралаштирувчи машина ва 15 га яқин ишчилар билан келиб, дарахтлар тагини бетонлаб ташлади. Унинг бу ҳаракатлари видеокузатув камераларига тушиб қолган. Аҳоли мурожаатига кўра, «Газета.uz» воқеа жойига етиб бориб, видеорепортаж тайёрлади.

Қолаверса, август ойи охирида эса экологлар беш йиллик реконструкциядан сўнг, қайта очилган Миллий боғдаги дарахтларга зарар етказилгани ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.