Қашқадарёнинг Косон тумани ҳудудидан ўтган темир йўлда «Афросиёб» тезюрар поезди тўрт ёшли болани босиб кетгани акс этган видео тарқалди. Айтилишича, бола тарбиячиларни эътиборсизлиги оқибатида боғчадан чиқиб кетган.

Қашқадарё мактабгача таълим бошқармаси Telegram каналида аввалига эълон қилиб, кейин ўчириб юборган хабарида такидланишича, воқеа 9 сентябрь соат 15:33 да содир бўлган.

Косон тумани Қўнғиртоғ маҳаллада яшовчи А.Т. 8 сентябрь куни ҳудуддаги оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотига олиб келинган. Воқеа содир бўлган куни А.Т. боғчага иккинчи кун келиши бўлган, унинг ҳали йўлланмаси бўлмаган. Куннинг иккинчи ярмида А.Т. назоратсиз қолдирилиши натижасида боғча ҳудудидан чиқиб, яқин орадаги темирйўлга бориб қолган.

Поезд йўлига чиқиб кетаётганида «Афросиёб» юқори тезюрар электропоезди уни уриб кетган. Олинган жароҳатлар оқибатида бола вафот этган.

Бошқарма маълум қилишича, ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Фарғона вилоятида тўрт ёшли бола қаровсизлик оқибатида боғчадан чиқиб кетиб, сувга чўкиб вафот этганди. Болалар боғчасининг барча мансабдор шахслари ва ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. МТТда талон-торож ҳолатлари ҳам аниқланган.