Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида ёзда тарбияланувчиси чўкиб кетган 23-сонли мактабгача таълим ташкилотининг барча мансабдор шахслари ва бошқа ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «д» банди ҳамда 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда 6 сентябрь куни Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

21 июль куни соат тахминан 08:30 ларда Абдупаттоев Муҳаммад Акбарни катта опаси 23-сонли МТТ тарбиячилари ихтиёрига олиб келиб ташлаб кетган. Орадан маълум вақт ўтгач, у болалар боғчаси ҳудудидан чиқиб, опасининг орқасидан югурган ва сирпаниб, уйи яқинидан оқиб ўтувчи «Собиржон» дарёсига йиқилиб тушган.

Мактабгача таълим вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган текшириш жараёнида бола боғча ҳудудидан бир неча бор рухсатсиз чиқиб кетгани, бироқ боғча ходимлари буни юқори идоралардан яшириб, бундан ҳеч қандай хулоса чиқармагани маълум бўлган. Шунингдек, текширув давомида ушбу ташкилот раҳбари ва ходимлари касбий фаолияти жараёнида қўпол қоидабузарликларга йўл қўйгани аниқланган.

«Юқоридаги ҳолатлар инобатга олиниб, ташкилот педагоглари ва раҳбарининг эҳтиётсизлиги ҳамда лоқайд муносабати боланинг ўлимига сабаб бўлгани, шунингдек, ушбу мактабгача таълим муассасаси раҳбарининг фаолиятини ташкил этишда бир қатор бошқа ҳуқуқбузарликлар аниқланди ва барча материаллар зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди», — дейилади хабарда.

Мактабгача таълим вазирлиги туман мактабгача таълим бўлимлари мудирларини, мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарларини, педагоглар, тарбиячилар ва тарбиячилар ёрдамчиларини тарбияланувчиларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ва ўз касбий мажбуриятларига бепарво равишда қараш оқибатида боланинг соғлиғига зарар етказувчи ёки ўлимига сабаб бўлувчи ҳодисалар юз берса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлар билан яқин ҳамкорликда белгиланган тартибда энг қатъий чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирди.

Шу билан бирга, ота-оналарга ҳам тарбияланувчиларни МТТга қабул қилиш ва тарк этиш қоидаларига риоя қилишлари кераклиги эслатиб ўтилди. Бунда ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар болани шахсан тарбиячига топширишлари ва кун охирида олиб кетишлари лозимлиги айтилди.

Маълумот учун

167-модда 2-қисм «г» банди: «Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш»

Айбдорга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса, — БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

116-модда 3-қисм: «Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик»

Шахснинг ўз касбига нисбатан бепарволиги ёки инсофсизлик билан муносабатда бўлиши туфайли касб юзасидан ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги одам ўлишига сабаб бўлса, — 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.