Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов давлат-хусусий шерикликда ётоқхоналар қуриш нима сабабдан суст амалга оширилаётганига изоҳ берди. У бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида гапирди.

Журналистлардан бири вазирдан 2021 йилда президент Абдуқодир Тошқулов ва бошқа мутасаддиларга давлат-хусусий шериклик асосида талабалар турар жойлар қуриш борасида топшириқ берганини, нега ишлар суст амалга оширилаётгани ва нима сабабдан тадбиркорлар олий ва ўрта-махсус таълим вазири билан чиқишолмаётгани ҳақида сўради.

«Давлат хусусий шерикчилик асосида ётоқхоналарни қуриш бўйича [тадбиркорлар] билан чиқишолмаяпсизлар, деган гапга қўшилмайман. Тадбиркорлик субъекти билан давлат органи фаолиятида жуда катта фарқ бор. Тадбиркорни мажбурлаб бўлмайди, у фойда олсагина бирор нарсага киришади. Лекин ҳозир талабалар турар жойини қуриш фақатгина тадбиркорга қўйиб қўйилгани йўқ. Инвестиция дастури бўйича ҳам, ОТМларнинг ўзининг маблағлари билан ҳам, яна шундай шарт борки, 50 фоиз олийгоҳнинг ўзи, 50 фоиз давлат томонидан ҳам қуриляпти», — деди вазир.

Абдуқодир Тошқуловнинг сўзларига кўра, май ойигача қилинган имкониятларга тадбиркорлар турар-жой қуришни хоҳламаган. Давлат ҳам уларни мажбурламаган. Вазир бу ҳам Ўзбекистондаги шаффоф, ҳақиқий бозор қонуниятларининг ишлаётганлигидан далолат беришини таъкидлади.

«Бизга манфаати йўқ, қурмаймиз, дейишди. Лекин тартиб ўзгаргандан кейин ҳозир 60 та талабалар турар жойига тадбиркорлар лойиҳани, тендерни, қурилишни бошлаган. Бу талабалар турар жойини [қуриш] тўхтаб қолди дегани эмас. Инвестициявий дастур бўйича, ОТМларнинг ўзи ва давлат билан олийгоҳнинг ўзи қурилаётганида муаммо йўқ. Фақат тадбиркорларда кейинги босқичдан кейин қизиқиш билдирилиб, қуриляпти», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2021 йил бошида талабалар уйларини кўпайтириш бўйича топшириқ берганди. Орадан вақт ўтиб, ҳукумат қарори билан талабалар учун давлат-хусусий шериклик асосида турар жойлар қурилиши маълум қилинганди. Бунинг учун вилоят ҳокимлари томонидан 0,5 гектаргача ер жойлардан ажратилиши, республика бўйлаб жами 228 та талабалар турар жойлари (400 ўринли) барпо этилиши қайд этилганди.