Талабалар учун давлат-хусусий шериклик асосида турар жойлар қурилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг 9 сентябрдаги «Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида айтилмоқда.

Ҳужжатга асосан турар жойлар қўйидаги шаклларда барпо этилади:

  • лойиҳаларни тадбиркорнинг ўз маблағидан келишиладиган шартлар асосида молиялаштириш;
  • лойиҳаларни тадбиркор ва Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан аралаш молиялаштириш (камида 200 ўринли турар жойни барпо этиш учун);
  • лойиҳаларни тадбиркорнинг тўлиқ ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштириш (камида 400 ўринли турар жойни барпо этиш шарти билан).

Қарорга мувофиқ, турар жойларни қуриш учун вилоят ҳокимлари томонидан ОТМга 0,5 гектаргача ер унга яқин жойлардан ажратилади. Тадбиркорга тегишли ер ёки бинода камида 50 ўринли турар жой ташкил этиш тизими жорий этилади.

Бунда, тўлов ОТМ билан келишилади ҳамда у ерда яшаган ҳар бир талаба учун тадбиркорга бир ўқув йили учун Тошкент шаҳрида БҲМнинг 10 баравари, бошқа ҳудудларда эса 5 баравари миқдорида субсидия ажратилади.

ОТМларнинг ошхона ва буфетларини олган тадбиркорларга давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари қўлланилади. Бунда, тадбиркорлар талабалар учун сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар тайёрлаш ҳамда уларни арзон нархларда сотиш мажбуриятини олиши кўзда тутилган.

Қарорга кўра, республика бўйича жами 228 та талабалар турар жойлари (400 ўринли) барпо этилади. Шундан ҳудудларда 2022 йилда 47 та, 2023 йилда 67 та, 2024 йилда 62 та, 2025 йилда 52 та талабалар турар жойларининг қурилиши белгиланган.

Шавкат Мирзиёев йил бошида талабалар уйларини кўпайтириш бўйича топшириқ берган эди. Ўзбекистондаги 129 та ОТМда 500 минг нафар талаба таҳсил олингани, лекин улар етарлича ётоқхоналар билан таъминланмагани ва Тошкентда 13 фоиз талабалар яшаш жойи билан қамраб олингани таъкидланган эди. «Биз „бой“ давлатмизку — бизда икки кишига, бир кишига хоналар бор… Тўрт кишига хоналар бўлсин — плацкартага ўхшаб икки этаж… Бойроқ бўлсак, юқоридагисини олиб ташлаймиз», — деган эди президент.

Февраль ойида Тошкентнинг Юнусобод туманида бешта талаба номаълум модда оқибатида заҳарланишидан вафот этгани, шунингдек, Бектемирда содир бўлган бахтсиз ҳодиса оқибатида қурилишда яшаган ва ишлаган талаба вафот этгани ҳақидаги хабарлардан сўнг бу масала алоҳида аҳамият касб этган эди.

Ҳукумат талабаларнинг яшаш шароитларини ўрганиш учун ишчи гуруҳлар тузган. Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов 2022—2025 йилларда ётоқхоналар қуриш ва янги ётоқхоналар қуриш учун тадбиркорларга субсидиялар ажратиш тўғрисида қарор лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берган.