Ўзбекистонда бир ой ичида 2021−2023 йилларда «Талабалар уйлари» ташкил этиш дастури ишлаб чиқилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 27 январь куни ёшлар бандлиги ва уларнинг ҳордиғини ташкил этишга бағишланган йиғилишда маълум қилди, дея хабар беради «Газета.uz» мухбири.

Давлат раҳбари бош вазирнинг ижтимоий ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари Беҳзод Мусаевга, олий ва ўрта махсус таълими вазири Абдуқодир Тошқуловга ва молия вазири Тимур Ишметовга тегишли топшириқларни берди.

Маълумотга кўра, бугунги кунда республиканинг 129 та ОТМида 500 минг нафар талаба ўқийди, лекин улар етарлича ётоқхоналар билан таъминланмаган. Тошкентда 85 та талабалар уйи фақатгина 13 фоиз талабани қамраб олади. 18 минг нафар талаба ўқийдиган Самарқанд давлат университетининг ётоқхонаси 1600 ўринга мўлжалланган.

«Бу масалани шахсан бош вазир ўз назоратига олади. Ёшлар кўпаймоқда. Ётоқхоналар сонини кўпайтириш керак. Битта хонада тўрт кишидан бўлсин, плацкартага ўхшаб… Биз „бой“ давлатмизку — бизда икки кишига, бир кишига хоналар бор… Тўрт кишига хоналар бўлсин — плацкартага ўхшаб икки этаж… Бойроқ бўлсак, юқоридагисини олиб ташлаймиз», — деди президент.

Бош вазир Абдулла Арипов Хитой тажрибасини мисол қилиб келтирди. Унинг айтишича, у ерда ётоқхоналар 4 кишилик хоналар билан қурилади.

2020 йилнинг февралида Ўзбекистонда 356 минг талабадан 68 минг нафари ётоқхонага муҳтожлиги айтилган эди. Бу масалани ҳал қилиш учун хар биттаси 400 та ўринга мўлжалланган 170 та ётоқхона қуриш керак, бу эса 315 млн долларни талаб этади.