Президент Шавкат Мирзиёев мактаб дарсликлари ва машқ дафтарларини бепул ижарага беришни тезкор йўлга қўйиш юзасидан топшириқ берди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Қайд этилишича, душанба куни бўлиб ўтган йиғилишда мактаб дарсликлари ва машқ дафтарларининг ижара тўловлари миқдорлари кескин оширилиши муносабати билан кенг жамоатчилик, ота-оналар томонидан билдирилган эътирозлар юзасидан президентга ахборот берилган.

«Мактаб дарсликлари болаларнинг умумий ўрта таълим олишида фавқулодда муҳим ўрин тутишини ҳисобга олиб ҳамда мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналарини, қонуний вакилларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий адолатни таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбари Вазирлар Маҳкамаси ва Халқ таълими вазирлигига мактаб дарсликлари ва машқ дафтарларини бепул ижарага беришни тезкор йўлга қўйиш юзасидан топшириқ берди», — дейилади хабарда.

Аввалроқ, жорий ўқув йилида ўртача бир дона дарслик (машқ дафтари) учун ягона ижара тўлови 5707 сўмни ташкил этиши ва ўтган ўқув йилидаги миқдор (2740 сўм)га нисбатан 2 967 сўмга (108%) ошгани ҳақида ёзгандик. Мазкур хабардан сўнг, тармоқларда фойдаланувчилар мактаб дарсликлари ижара нархи қимматлашгани ва биринчи чоракдан кейингина янги китоблар чиқарилишидан шикоят қила бошлашди. ХТВ эса буни қоғоз нархлари ва транспорт харажатлари ошгани билан изоҳлади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП партияси аъзоси Расул Кушербаев эса мактаб дарсликларини пуллик ижарага олиш Конституцияга зид эканини таъкидлади.