7 сентябрь куни Фарғона вилояти суди биносида андижонлик 44 нафар шахсга нисбатан очилган жиноят иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда очиқ суд жараёнида иштирок этган «Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов хабар берди.

Мазкур жиноят иши Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси А. Ўтаев раислигида ҳамда судьялар — О.Арабов ва Ш.Шерқуловдан иборат таркибда, биринчи инстанция судида кўрилмоқда.

Дастлабки тергов органининг айблов хулосасига кўра, судланувчилар томонидан 63 млрд сўмдан зиёд маблағ талон-торож қилинган. Улар Жиноят кодексининг 167, 168, 207, 209, 210, 28,210, 211, 28, 211 ва 243-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Жами судланувчининг 29 нафари эркак ҳамда 15 нафари аёл бўлиб, 34 нафар судланувчига нисбатан «қамоққа олиш», 10 нафарига эса «гаров» ва «уй қамоғи» тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.

Судланувчилар орасида Андижон вилоят ҳокимлиги Молия бош бошқармаси бошлиғи ҳамда Андижон шаҳар ҳокими лавозимларида ишлаган Баҳромжон Ҳайдаров, Андижон вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган Азизбек Миркамилов, Андижон вилоят прокурорининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта ёрдамчиси лавозимида ишлаган Қ. А., Андижон шаҳар Халқ таълими бўлимининг собиқ мудирлари — С.Э. (аёл), С.С., Н.Б. ҳамда Андижон шаҳар Молия бўлимининг собиқ мудири Ж.М. ҳам бор.

Бундан ташқари, Андижон вилояти молия ва халқ таълими бошқармалари, Андижон шаҳар молия ва халқ таълими бўлимларининг собиқ раҳбарлари ва масъул лавозимларида ишлаган шахслар ҳамда бошқалар ҳам судланмоқда.

Суд мажлисида судланувчилар «Газета.uz» мухбирига ўзларини фотосуратга олиш ва фикрларини аудиоёзувга туширишини хоҳлашмади. Шунингдек, судланувчилар ва уларнинг адвокатлари танаффус вақти ҳамда суд мажлисидан кейин интервью бериш таклифини рад этди.

Маълум қилинишича, ушбу жиноят иши бўйича илк суд мажлиси 2022 йилнинг 18 июль куни ўтказилган. Суд мажлиси ҳафтанинг ҳар душанба, сешанба ва чоршанба кунлари бўлиб ўтмоқда.

Суд жорий йилнинг 12 сентябрь кунига қадар танаффус эълон қилди.