Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров ҳибсга олингандан сўнг имзоланган ҳужжатлар бекор қилинди. Бу Андижон шаҳрининг янги ҳокими Гофуржон Абдураҳмоновнинг 18 июнь куни имзолаган қарорида акс этган.

Аввалроқ Баҳром Хайдаров 6 июнь куни соат 16:50 да жиноят иши юзасидан ҳибсга олинганди. 6 июнь куни соат 9:43 ва 21:18 ўртасида ҳамда 7 июнь куни 18:10 ва 21:07 оралиғида унинг номидан жами 26 та қарор ва фармойиш имзолангани аниқланди. Андижон вилоят Адлия бошқармаси бу ишни ҳокимлик девонхонаси мудири С.Қодиржонов амалга оширганини маълум қилганди.

Шаҳарнинг янги ҳокими умумий ҳисобда Баҳром Ҳайдаровнинг 21 апрель ва 17 майдаги 1тадан қарори, шунингдек, 6−7 июндаги 25 та қарор ва 3 та фармойишини бекор қилди. Бекор қилинган ҳужжатларнинг 19 таси шаҳарда тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини ажратиш бўйича онлайн аукционга ер майдонларини жойлаштириш билан боғлиқ. Яна биттаси халқ депутатлари Кенгашининг навбатдани ташқари сессиясини чақириш, яна биттаси меҳнат таътилини бериш, иккитаси ерни ковлаш ва бошқалар билан боғлиқ.

Бундан ташқари, собиқ ҳокимнинг мактаб ёшидаги болаларни мажбурий таълимга жалб этиш мақсадида шаҳардаги ҳар бир таълим муассасаларини ҳудуд ва микроҳудудларга бириктириш тўғрисидаги қарори ҳам бекор қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 6 июнь куни Андижон шаҳар собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров 2017−2019 йилларда Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган даврида катта миқдордаги бюджет маблағларини ўзлаштирганликда гумонланиб, ҳибсга олинганди.

Қайд этилишича, 2017 йилдан 2019 йил 8 октябрга қадар Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Баҳром Ҳайдаров (собиқ Андижон шаҳар ҳокими) ўзининг мансаб ваколатларидан фойдаланиб, бошқа мансабдорлар томонидан асоссиз равишда ойдан ойга кўчирилган 9 млрд сўм маблағларнинг ўрнини тўлдириш учун 14,3 млрд сўмлик маблағларни шаҳар халқ таълими бўлимига ноқонуний равишда ортиқча ажратиб берганликда гумонланмоқда. Ўз навбатида, Ҳайдаров вилоят молия бошқармаси бошлиғи сифатида бюджет маблағларини қатъий иқтисод қилмагани натижасида 6,8 млрд сўм ягона ижтимоий тўлов ҳамда даромад солиғи тегишли жамғарма ва бюджетларга кирим қилинмагани таъкидланган.

«Ушбу ҳолат юзасидан 37 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми „а“ банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва бошқа моддалар билан айблов эълон қилиниб, 32 нафар шахсга нисбатан қамоқ, 2 нафар шахсга нисбатан уй қамоғи ва 3 нафарига нисбатан гаров эҳтиёт чораси қўлланган. Жиноят иши бўйича етказилган 48,5 млрд сўмлик зарарнинг атиги 11,2 млрд сўми, яъни 23,1 фоизи ҳозирга қадар ундирилган», — дейилади Бош прокуратура тақдимномасида.

Шунингдек, Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан Андижон шаҳар халқ таълими бўлими мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва бошқа моддалар билан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълум бўлишича, Андижон шаҳар халқ таълими бўлими мансабдор шахслари 2018 йил ноябрь ойидан 2020 йил ноябрь ойига қадар бир гуруҳ шахслар билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, УзАсбо дастурий мажмуасига уланган буюртмачиларнинг ойлик иш ҳақлари ҳамда бошқа тўловлари бўйича сўровномалари ва тўлов топшириқномаларини сохталаштирган ҳолда тўловга тақдим қилиб, 48,5 млрд сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани айтилади.

Шунингдек, Баҳром Ҳайдаров процессуал тартибда ушлангани ортидан Андижон вилояти ХТБ бошлиғи Азизбек Миркомилов ҳам бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолати бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида гумонланувчи тариқасида ҳибсга олинган эди.