Тошкентда 5 йилдан буён реконструкция қилинаётган Ўзбекистон Миллий боғи ваниҳоят очилди. 27 август куни президент Шавкат Мирзиёев боғга ташриф буюриб, уни Тошкент рамзларидан бири деб атади ва «қадриятларни эъзозлаш ва хотира ҳам керак»лигини таъкидлади.

У 1932 йилда ҳашар йўли билан қурилган, кўп йиллар аҳолининг энг севимли маскани бўлган, дея эслатди президент матбуот хизмати.

«Ўзбекистон 24» видеосидан лавҳа.

«Президентимиз бу боғнинг тарихий қиёфасини сақлаб қолиш, бу ерда миллий анъаналаримизга хос муҳит яратиш зарурлигини таъкидлаган эди. Шу асосида 14 гектардан зиёд ҳудудда катта ишлар бажарилди. Маъмурий бино, ресторанлар қурилиб, кўприклар ва йўлаклар янгиланди. Жами майдони 40 минг квадрат метр бўлган кўл тикланди», — дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.

«Газета.uz» очилиш муддати қайта ва қайта кейинга сурилган Миллий боғ фойдаланишга топширилишини давлат ОАВлари қандай ёритганига эътибор қаратди.


«Ўзбекистон 24» видеосидан лавҳа.

«Ўзбекистон 24» телеканали, «Ахборот 24» дастури

27 август куни эфирга узатилган «Ахборот 24» дастуридаги Миллий боғ ҳақидаги лавҳанинг кириш қисмида айтилишича, «Миллий боғ ва унинг юрагидаги кўл — Тошкентнинг ташриф қоғозига айланган». Мухбирнинг фикрича, боғ замонавий, юқори технологияли маданий ҳордиқ чиқариш маскани ҳисобланади.

Президент боғ ҳудудида нуроний ва фаоллар билан суҳбатлашар экан, бу боғ тарихий жой эканлигини қайд этган. «Бу боғ анчагина эсдан чиқиб қолган эди. Ўзим бу ерга келиб, буни албатта тиклаб, ўзимизга яраша маросимларни ўтказиб, мушоираларни ўтказиб, тирик тарихни ҳозирги тарихга ҳамоҳанг қилишимиз керак», — дея президент сўзларини келтирмоқда канал.

«Ўзбекистон 24» видеосидан лавҳа.

«Ўзбекистон 24» телеканалига интервью берган туркиялик инвестор Хакан Безжелиўғлунинг айтишича, «президентнинг таклифи билан 90 йил аввал бу ерда ташкил этилган Миллий боғни барпо этишган».

«Лойиҳанинг ўзбекистонлик маҳоратли архитекторлар, уста-меъморлар ва боғнинг тарихини яхши билган тарихчиларнинг тавсиялари, маслаҳатлари асосида биргаликда барпо этдик. Тез орада бу сўлим маскан билан боғлиқ гўзал болалик хотираларига эга инсонлар яна ўша завқни, шукуҳни ҳис этишлари мумкин бўлади. Ўйлайманки, боғ очилганида уларнинг кўзларида ўша қувончни кўрамиз», — дея қўшимча қилди у.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хуршид Дўстмуҳаммаднинг сўзларига кўра, Миллий боғ — Тошкентга келган меҳмонларнинг энг севган жойига айланади.

«Ўзбекистон 24» видеосидан лавҳа.

«Тошкентда яна бир баҳаво жой. Ёзувчилар хиёбонини қаранг, буёғи Олий Мажлис ва Миллий боғ. Ҳаммаси бир гармония бўлган, уйғунлик, мутаносиблик бор», — дея қўшимча қилди ёзувчи.

«Олимлар» маҳалласи ёшлар етакчиси Ислом Умрзоқовнинг айтишича, «боғда маънавият, маданият — ҳаммаси мужассам».

«Ўзбекистон 24» видеосидан лавҳа.

«Президентимиз бизга мана шу масканни мустақиллигимизнинг 31 йиллиги муносабати билан совға сифатида бердилар, деб қабул қилдим мен. Сабаби, Адиблар хиёбони бор ёнгинамизда, мана бу ерда Миллий боғ. Бу байрамга ҳақиқий совға бўлди. Ана энди мен ҳам „Ёш мақомчилар ансамблини“ ташкил қилган ёшлар етакчиси сифатида режа қилиб турибманки, шу жойларда концерт дастури қилсаммикин… Бу ҳам маҳалладаги ёшларга ички туризм бўлади, ҳам бу тарғибот-ташвиқот ишлари. Ҳавоси ҳам ўзгачадек туюляпти, тўғрисини айтсам», — деди у.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги

ЎзАнинг 28 август куни эълон қилган «Ўзида тарих ва бугунни мужассам этган Ўзбекистон Миллий боғи меҳмонларни чорламоқда» номли мақоласида бир кун аввалги тадбирда иштирок этган инсонлардан интервьюлар тақдим этилган. Хусусан, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокированинг айтишича, «дарахтлар кесилишига йўл қўйилмаган, уларни сақлаб қолиш чоралари кўрилган».

«Шаҳарга сув, серсоя дарахтлар жуда керак. Тўғриси, баъзиларда боғ ҳудудидаги дарахтлар, кўллар нима бўлди деган хавотирли савол ҳам йўқ эмасди. Мана бугун ҳаммаси олдингидан ҳам гўзал бўлиб қайтганига гувоҳ бўлиб турибмиз», — дея актрисанинг сўзларини келтирмоқда ЎзА. Қайд этиш жоиз, 29 август куни Давлат экология қўмитаси дарахтларга шикаст етказилганини тасдиқлади.

Янгиҳаёт туманидаги «Иқбол» маҳалласи ёшлар етакчиси Гўзал Раҳмонқулованинг таъкидлашича, маҳалладаги «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида олиб борилаётган тайёргарликни шу ерда ўтказишни кўзлаяпти. «Чунки бу ерда — кенг, салқин жойда, сув бўйида шахмат, шашка, стол тенниси мусобақаларини ўтказиш учун барча шароит бор. Бу ҳам олимпиадага тайёргарлик, ҳам маданий ҳордиқ бўлади», — деди у.

Чилонзор туманидаги «Кўркам» маҳалласи раиси Зулфия Тошматова эса боғ Ўзбекистон халқига мустақилликнинг 31 йиллиги муносабати билан совға бўлганини айтган.

«Халқ сўзи» газетаси

«Халқ сўзи» газетасидан лавҳа.

«Халқ сўзи» газетанинг 28 август кунги сонининг дастлабки қисмида бир кун аввалги тадбирлардан ЎзА мухбирлари томонидан тайёрланган материал — «Улуғ айём шукуҳига мос бунёдкорлик» сарлавҳаси остида эълон қилинган.

ЎзАнинг ўзида эса айнан мазкур материал 27 август куни кечқурун «Замонавий марказ, Миллий боғнинг янги қиёфаси ва технологик паркдаги осмонўпар бинолар» сарлавҳаси остида эълон қилинган. Материалда фақат президент матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотлар акс этган.

«Янги Ўзбекистон» газетаси

Ушбу газетанинг ҳам дастлабки қисмида «Халқ сўзи»дагига ўхшаш ҳолат. Сарлавҳа эса шундай: «Рақамлаштиришнинг «юраги» бўлган ягона марказ, тарих ва бугун уйғунлашган Миллий боғ, осмонўпар IT-парк».

«Янги Ўзбекистон» газетасидан лавҳа.

Яна бир фарқли томони «Янги Ўзбекистон»да Миллий боғ ҳақида газета мухбири томонидан ёзилган каттагина мақола чиққан. «Бу боғни халқимиз яхши билади ёхуд рақобатда «юзи ёруғ» маскан» сарлавҳали мақолада давлат раҳбарининг боғга ташрифи ҳақида сўз борган.

«Янги Ўзбекистон» газетасидан лавҳа.

Мақолада, шунингдек, боғга оид фактлар ҳақида сўз борар экан, жумладан, шундай дейилади: «Булар айтишга осон гаплар. Мушоҳада қилсак ва бажарилган ишлар кўлами, муддати, унга халқимиз кўз тикиб турган манзил эканини ҳисобга олсак, ҳудудда амалга оширилган ишларни бошқалар ўн йилларда ҳам эплаши даргумон эди, деб баралла айта оламиз».

«Аввал ҳам шунақа эди-ку», деган гапга газета катта ҳарфлар билан ЙЎҚ, дея жавоб берган.

«Кимдир айтиши мумкин, аввал ҳам шундай эди-ку, деб. ЙЎҚ! Аввалги боғ билан бугунгисини таққослаб бўлмайди. Тўғри, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ХХ асрнинг 80-йилларида „бу боғ Тошкентнинг энг машҳур жойи бўлган, ўзига хос рамзларидан бирига айланган“…эди. Фақат тоифаланган ҳам эди-да. Номи эса „Комсомол кўли“, яъни ёшлар унга эгалик қиларди», — деб ёзади мақола муаллифи.

Эслатиб ўтамиз, беш йил олдин, 2017 йил сентябрь ойида Миллий боғ, кўл ва Болалар темир йўли ҳукумат қарори билан реконструкция қилиш учун ёпилган эди. Кейинроқ унинг ўрнида делфинарий, Америка арғимчоғи, сёрфинг учун жой ва савдо-кўнгилочар марказига эга «юқори технологиялар парки» пайдо бўлиши хабар қилинди. 2020 йил январида президент реконструкция ишларининг бориши билан танишганди.

2021 йилнинг июнида, боғнинг илгари дарвоза бўлган қисмида дўконлардан иборат Magic City кўнгилочар боғи ташкил этилди. Эски кўлнинг бир қисмидан эса фаввора жой олди. Дунёнинг машҳур пойтахтлари хиёбонларига тақлид қилувчи кўчалар турли хил дўконлар, мусиқий фаввора, Бавариянинг Нойшванштайн қалъаси нусхаси, 650 ўринли Рим Колизейи кўринишидаги амфитеатр, шунингдек, кинотеатр ва болалар кўнгилочар маркази қурилди. Бироз вақт ўтгач, аквариум ҳам ишга туширилди. Парк Discover Invest компанияси томонидан қурилган.