Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистонда уран макони бўлган махсус жойлар — Чоркесар ва Янгиободнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича мамлакат саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун 7 млн евро миқдорида грант ажратади. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси ва банк матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Грант лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишув 1 сентябрь куни Лондонда Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Нарзулло Обломурадов ва ЕТТБ Ядро хавфсизлиги департаменти директори Балтазар Линдауэр томонидан имзоланган.

2021 йилда Давлат экология қўмитаси ва ЕТТБ ўртасида 2 млн евро миқдоридаги консалтинг хизматларини кўрсатиш бўйича биринчи грант шартномаси имзоланди. Умумий суммаси 9 млн евро бўлган грант лойиҳаси банк томонидан Марказий Осиё учун Экологик реабилитация ҳисоби махсус жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади.

Лойиҳа доирасида 2022−2025 йилларда атроф-муҳитни қайта тиклаш ва махсус майдонларни мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича тадбирлар амалга оширилади.

Мустақил экспертиза ва хавф-хатарлар ва маҳаллий шароитларни комплекс экологик баҳолаш асосида мутахассислар ҳудуднинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, қурилиш-монтаж, изоляция ва ҳимоя ишларини олиб бориш бўйича энг хавфсиз ва мақбул вариант ҳамда режаларни танлади.

Мелиорация 2023 йилнинг биринчи чорагида бошланиши режалаштирилган (дастлаб 2022 йилнинг учинчи чорагига режалаштирилганди). Тахминан икки йил ичида иш якунланади, дея қайд этди қўмита. Қурилиш ва қайта тиклаш ишлари маҳаллий ва германиялик мутахассислар назорати остида амалга оширилади.

Давлат экология қўмитаси маълум қилишича, лойиҳа амалга оширилишидан маҳаллий аҳоли катта фойда кўради.

«Яқин келажакда санитария-экологик вазиятни яхшилаш ҳудуднинг барқарор ривожланишига, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларга қўшимча инвестицияларни жалб этиш, шунингдек, ҳудудларнинг туризм ва экотуризм салоҳиятини ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга хизмат қилади», — дейилади ҳисоботда.

Янгиободдаги ташландиқ қайта ишлаш корхонаси. Фото: ЕТТБ матбуот хизмати.

Денгиз сатҳидан 1300 метр баландликда, Тошкентдан 70 км узоқликда сейсмик фаоллик юқори бўлган ҳудудда жойлашган Янгиобод объекти 40 йилга яқин уран кони бўлган. У тахминан 50 квадрат километр майдонни эгаллайди, у эрда 2,6 млн кубометр радиоактив чиқиндилар кўмилади.

Режалаштирилган мелиоратив ишлар 4 та конни ёпиш, ифлосланган саноат иншоотлари ва кон инфратузилмасини демонтаж қилиш ва бузиш, шунингдек, бир нечта чиқинди жинслар ва руда чиқиндиларини олиб ташлашни ўз ичига олади, деди ЕТТБ. Лойиҳа Янгиобод иқтисодиётининг туризм соҳасини ривожлантиришни ҳам қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Пойтахтдан 140 км шарқдаги тоғларда жойлашган Чоркесар қишлоғи 1995 йилгача уран қазиб олинадиган майдон бўлиб, ҳозиргача бу ерда 3500 га яқин аҳоли истиқомат қилади. Ушбу участкада кўзда тутилган мелиоратив ишлар иккита конни ёпишни, шунингдек, иккита дренаж каналини реконструкция қилишни ўз ичига олади.