Европа тикланиш ва тараққиёт банки бошқарувидаги Марказий Осиё учун Экологик қайта тиклаш ҳисоби Ўзбекистонда иш бошлайди, деб «Газета.uz»га хабар берди ЕТТБ матбуот хизмати.

Экологик қайта тиклаш ҳисоби 2015 йилда Европа Иттифоқи ташаббуси билан ташкил этилган. У собиқ Совет Иттифоқидан Марказий Осиёга мерос бўлиб қолган уран муаммолари билан шуғулланади. ЕИ Экологик қайта тиклаш ҳисобининг энг йирик донорларидан бири ҳисобланади, ўз ҳиссасини шунингдек, Белгия, Литва, Норвегия, Испания, Швейцария ва АҚШ қўшган.

2 млн евро миқдоридаги грант янги ташкил этилган Лойиҳаларни бошқариш гуруҳи фаолиятини қўллаб-қувватлашга ёрдам беради, гуруҳ эса Тошкентдан шарқда жойлашган тоғлардаги Янгиобод ва Чоркесар объектларида аввал уран қазиб олинган майдонларни экологик қайта тиклаш (тупроқ, сув ёки ҳавонинг дастлабки кўрсаткичларини тиклаш) билан шуғулланади.

Грант шартномаси 22 октябрь куни ЕТТБ ядро хавфсизлиги департаменти директори Бальтазар Линдауэр ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов иштирок этган қўшма маросимда имзоланган. Маросим Марказий Осиёда уран меросининг муаммоларини ҳал этиш бўйича янгиланган Стратегик бош-режа тасдиқлангач бўлиб ўтган.

Лойиҳаларни бошқариш гуруҳининг илк қадами сифатида кўрсатилган икки объектда ремедиация ишлари учун зарур тендер ҳужжатларини тайёрлаш ишларини бошлаш мумкин. Ҳудудда амалдаги ҳаракатлар 2022 йилнинг учинчи чорагидан бошланиши кутилмоқда ва уларни якунлаш учун тахминан икки йил вақт кетади.

Янгиобод объекти денгиз сатҳидан 1300 м баландликда, сейсмик хавф юқори бўлган ҳудудда ва Тошкентдан 70 км узоқ масофада жойлашган бўлиб, қарийб 40 йил давомида уран қазиб олиш майдони бўлган. У 50 км квадрат майдонда 2,6 млн кубометр радиоактив чиқиндиларни жамлаган. Экологияни қайташ тиклаш бўйича объектда амалга ошириш режалаштирилган ишлар — тўртта шахтани ёпиш, ифлосланган биноларни ва собиқ қайта ишлаш иншоотларини бузиш, бир нечта бўш жинсларнинг қолдиқларини марказий чиқинди ҳудудига ўтказиш ва бошқа тегишли тадбирларни ўз ичига олади.

Чоркесар қишлоғи Тошкентдан 140 км узоқликда Шарқдаги тоғларда жойлашган ва 1995 йилгача уран қазиб олиш ҳудуди бўлган, у ерда ҳануз 3500 нафар атрофида аҳоли истиқомат қилади. Ушбу муассасада режалаштирилган экологияни қайта тиклаш ишлари — иккита шахтани ёпиш ва ташландиқ биноларни бузишдан иборат.

Стратегик бош-режа 2021 йилнинг сентябрида Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон, шунингдек, МАГАТЭ, Европа Иттифоқи ва Россия атом энергияси бўйича давлат корпорацияси («Росатом») томонидан қабул қилинган. У устувор объектларда ядровий ремедиация бўйича фаолиятни амалга ошириш учун йўл харитаси вазифасини ўтайди.