12 сентябрдан Москва биржаси валюта бозорида «ўзбек сўми-Россия рубли» (UZS/RUB) валюта жуфтлиги бўйича савдолар бошланади, деб хабар берди биржа матбуот хизмати.

«Янги валюта жуфтлиги бозорнинг профессионал иштирокчилари, уларнинг мижозлари — жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг савдо имкониятларини кенгайтиради, шунингдек, ҳар икки давлат хўжалик юритувчи субъектлари учун миллий валюталарда ҳисоб-китобларни ривожлантириш учун қўшимча рағбат бўлади», — дейилади ҳисоботда.

«Ўзбек сўми — Россия рубли» валюта жуфтлиги спот-бозорда «бугун» ва «эртага» ҳисоб-китоблари билан сотилади. Савдо иштирокчилари ва уларнинг мижозлари своп овернайт битимларини ҳам амалга оширишлари мумкин бўлади, дея аниқлик киритади Москва биржаси.

Эслатиб ўтамиз, Москва биржасида ўзбек сўми билан савдоларни йўлга қўйиши ҳақида май ойида маълум бўлган эди. Ўшанда бундай қарорнинг кўриб чиқилиши ғарб санкциялари, доллар савдоси ҳажмининг камайиши ва Россиядаги валюта назорати билан боғлиқ эканлиги айтилганди.

Аввалроқ рус матбуоти Россия ўзбекистонлик валюта чайқовчилари айрибошловчи жойга айланганини ёзганди. Уларнинг маълумотларига кўра, ўзбекистонликлар рублга ўзбек сўмини харид қилиб, сўнгра долларга алмаштириб, РФга олиб келиб, бу ерда яна рублга алмаштиришмоқда. Бундай операциялардан бир неча кунда 6% гача фойда олиш мумкин.