Москва биржаси учта янги валютада савдони йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Улардан бири ўзбек сўми бўлиши мумкин, дея хабар беради РБК манбалари.

Москва биржаси яқин келажакда савдо қиладиган валюталари рўйхатини кенгайтиришни режалаштирмоқда. Улардан бири Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) валютаси дирҳам бўлиши керак, дея хабар беради РБКга молия бозоридаги учта манба.

Нашр суҳбатдошларига кўра, Амирлик дирҳами, арман драми ва ўзбек сўмида савдони йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинмоқда.

Ҳозирда биржада рублни 10 та хорижий валютага алмаштириш мумкин: АҚШ доллари, евро, турк лираси, Гонконг доллари, Беларусь рубли, Қозоғистон тенгеси, Швейцария франки, Британия фунти, япон иенаси ва Хитой юанига.

РБК манбаси мавжуд валюталар рўйхатини кенгайтиришни «мантиқий қадам» деб ҳисоблайди, чунки биржада савдо айланмаси пасайган. Доллар-рубль жуфтлиги бўйича ўртача кунлик савдо ҳажми 2022 йил апрелида 81,5 млрд рублни, 2021 йил апрелида 242,9 млрд рублни ташкил этган.

Кескин пасайиш норезидентлар учун Россия қимматли қоғозлари билан операцияларнинг тақиқланиши билан боғлиқ. Аввалроқ биржада валютани сотиб олиш учун 30% комиссия ҳам савдо ҳажмининг пасайишига таъсир қилган, кейин эса апрель ойи бошида фоиз миқдори қисқартирилган ва кейинчалик бекор қилинган.

Молиявий бозорлар бўйича мустақил таҳлилчи Алексей Бушуевнинг «Коммерсантъ»га айтишича, санкциялар шароитида расмийлар иқтисодиётни муқобил валюталар асосида қайта қуришга ҳаракат қилмоқда.

«Россиянинг халқаро операциялар учун деярли тўлиқ равишда доллар ва евро билан чегараланиб қолиши авваллари аниқ эди ва янги валюталарни талаб қилмасди. Янги дефрагментация қилинган дунёда биз савдо муносабатларини қайта тиклашимиз керак ва агар илгари бу биринчи навбатда молиявий операциялар бўлса, энди бу савдо. Йирик банклар, марказий банклар асосий иштирокчиларга айланиши мумкин. Қолаверса, Москва биржасидаги хорижий пуллар Россия билан муносабатларни қўллаб-қувватлашнинг кучли ифодасидир», — деди у.

«Открытие Инвестиции» компанияси бош директорининг макроиқтисодиёт бўйича маслаҳатчиси Сергей Хестановнинг таъкидлашича, хорижий компаниялар Россия бозорини тарк эта бошлагандан сўнг, расмийлар параллель импортни жорий қилди, яъни улар ҳуқуқга эгалик қилувчиларнинг розилигисиз айрим товарларни олиб киришига рухсат берган. Бироқ, етказиб бериш учинчи давлатлар орқали амалга оширилмоқда.

«Бу рубль плюс параллель импорт учун ишлатилиши керак бўлган мамлакат валютаси жуфтлигида етарли ликвидликни талаб қилади. Хитой юани биржада юқори ликвидликга эга бўлса-да, бошқа валюталар ундай эмас. Бу пуллар билан операцияларга талаб ошгани сайин, ликвидлик ҳам ортиши мумкин», — деди у.

Экспертнинг фикрича, бу сценарийнинг амалга оширилиши санкциялар сиёсатига боғлиқ бўлади.

«Ҳозирча товарлар ўтаётган давлатлар иккиламчи чоралар ёрдамида ҳеч қандай қаттиқ босимга дуч келмаган. Бошқа томондан, агар катта ҳажмдаги параллель импорт муайян давлатлар орқали ўтадиган бўлса, улар иккиламчи санкцияларга дуч келишини тахмин қилиш мумкин. Аммо ҳозирча баъзи экзотик валюталарда ликвидликни ошириш ғояси жуда оқилона кўринмоқда», — деди Сергей Хестанов.