Президент қарори билан «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати Давлат божхона қўмитасига бириктирилади, дея хабар берилади «Нигоҳ» каналида.

Қарорга мувофиқ, ДБҚ тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг инфратузилмасини яхшилашга кўмаклашади.

Шунингдек, қўмитанинг бу турдаги муассасаларда васийликка олинган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширишга қаратилган замонавий услуб ва ижтимоий технологияларни татбиқ этиш ва бошқаларда тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигига доимий равишда кўмак бериши белгилаб берилди.

Шу билан бирга, божхона қўмитасига мазкур қарорда белгиланган чора-тадбирлар ҳамда юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун қўмитанинг махсус жамғармаси маблағларини йўналтириш ҳуқуқи берилди.

Ҳужжатга кўра, тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги бир қатор вазифаларни бажариши кўзда тутилган.

Белгиланишича, агентлик 2023−2024 йилларда ДБҚ билан биргаликда «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйларининг ҳудудида видеокузатув мосламаларини ўрнатилишини таъминлайди.

Шунингдек, 2022 йил 1 октябрдан бошлаб Халқ таълими вазирлиги, ССВ ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар билан биргаликда тасдиқланган режа-график асосида «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйларидаги тарбиячиларни ҳар йили камида бир маротаба малака ошириш курсларида ўқитиш тартибини жорий этади.

2023 йил 1 июнга қадар тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ССВ билан биргаликда руҳий ва жисмоний ривожланишида камчилиги бўлган шахсларнинг замонавий абилитация ва реабилитация муолажаларидан ўтиши учун «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйлари негизида зарур технологик шароитлар яратиши белгиланди.