Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов 15 йиллик узлуксиз иш стажига эга ўқитувчиларнинг олий тоифаси сақлаб қолиниши юзасидан ўқитувчиларга мурожаат қилди.

ХТВ раҳбарининг «Газета.uz»га маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда 15 йилдан ортиқ меҳнат стажига эга олий тоифали педагогларнинг жорий йил ўтказилган аттестация жараёнларида иштирок этмаганлиги натижасида мавжуд малака тоифасини йўқотганлигига доир нотўғри талқинлар тарқалмоқда.

«Устозларнинг ҳавотирга ўрин йўқлигига эътиборларини қаратмоқчиман. Халқ таълими вазири сифатида шуни алоҳида таъкидлаб ўтаманки, жорий йил март-май ойларида малака тоифаси олиш учун ўтказилган аттестация даврида амалда бўлган тартибга асосан, 15 йиллик узлуксиз иш стажига эга бўлган олий малака тоифага эга педагогларнинг аттестациядан ўтиши мажбурий бўлмаган ва уларнинг олий тоифа малакаси умрбод сақлаб қолинади», — дея таъкидлади у.

Бахтиёр Саидов ушбу тоифадаги педагог ходимларимизнинг ойлик иш ҳақлари олий малака тоифага тегишли лавозим окладидан тўланишини қайд этди.

Аввалроқ журналист Шуҳрат Шокиржонов 15−20 йиллик стажга эга олий тоифали ўқитувчилар оддий мутахассис бўлиб қолишгани ҳақида ёзган эди. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 сентябрдаги 572-сонли қарори 1-иловаси 6-бандига кўра, таълим ташкилотларида 15 йиллик узлуксиз иш стажига эга бўлган олий малака тоифали (бош ўқитувчи лавозимидаги) педагог кадрлар мажбурий аттестациядан ўтмаслиги белгиланган эди. Шунга асосан, 2017 йилда олий тоифа олган ва 15 йилдан ортиқ стажга эга педагоглар 2022 йил май-июнь ойларида аттестацияга жалб этилмаган.

Бироқ, орадан 3 ой ўтиб — Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги 425-сонли қарори 2-иловаси 11-бандига асосан ушбу тартиб бекор бўлди.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати қонунчиликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмаслигини эслатиб ўтди.