25 август куни ҳукуматнинг «Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [472-сон] қарори қабул қилинди, деб хабар берди Адлия вазирлиги.

Қарор билан Қорақалпоғистон республикаси ва Хоразм вилоятидаги мактабларда соғлом овқатлантириш тизимини кейтеринг усулида ташкил этишга оид низом тасдиқланди.

Кейтеринг — ҳудудларда масофавий усулда умумий овқатланиш хизматларини кўрсатиш орқали овқатланишни шартнома асосида ташкил этиш, овқатларни тайёрлаш, етказиб бериш ва тайёр пазандачилик маҳсулотларининг чакана савдосини амалга ошириш хизматларини кўрсатиш.

Низомда кейтеринг усулида хизмат кўрсатувчи ташкилотлар танловини ўтказиш, ҳисоб-китоб қилиш, таомлар устидан назорат қилиш тартиби белгиланган.

Унга кўра, ўқувчилар мактабда бир кунда бир маҳал овқатлантирилади. Овқатларни назорат қилиш учун мактабларда 5 кишилик (директор, ҳамшира ва ота-оналар вакиллари) махсус комиссия тузилиб, кундалик таомноманинг рўйхати «kundalik.com» платформаси орқали юритилади.

Ўқувчиларга бепул овқат бериш ташаббуси

Илк бор мактаб ўқувчиларига бепул овқат бериш таклифи 2021 йил сентябрь ойида президентлик сайловлари арафасида ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилди. Бундан ташқари, бошланғич синф ўқувчилари учун бепул нонушта бериш ХДП номзоди Мақсуда Варисова томонидан ҳам таклиф этилди.

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги сайловолди ташвиқоти чиқишларида ушбу ҳудудлардаги бошланғич синф ўқувчиларини бепул тушлик билан таъминлашга ваъда берди. У Бўзатов туманида сайловчилар билан учрашувда Қорақалпоғистонда 1−4 синф ўқувчиларининг бепул тушлиги учун йилига 100 млрд сўм ажратилишини маълум қилди.

«Газета.uz» ушбу ташаббусни амалга ошириш учун давлат бюджетининг тахминий харажатларини ҳисоблаб чиқди. Қорақалпоғистон мактабларида 140,2 минг бошланғич синф ўқувчилари ўқийди. Агар 100 млрд сўмни бошланғич синф ўқувчиларининг сонига бўлсак, унда ҳар бир ўқувчининг овқат нархи йилига тахминан 713,2 минг сўмни ташкил қилади.

Агар ушбу маълумотлар 136,2 минг бошланғич синф ўқувчилари ўқиётган Хоразм вилояти кесимида кўриб чиқилса, унда ҳар йили давлат бюджетидан қарийб 97,14 млрд сўм ажратиш керак бўлади. Бу миқдор ҳар йили ўқувчилар сонининг кўпайиши билан ортади.

Сирдарё вилоятида 59 минг бошланғич синф ўқувчиси бор, бепул овқатланиш нархи 42,1 млрд сўмни ташкил қилиши мумкин. «Газета.uz» ҳисоб-китобларига кўра, барча 1−4-синф ўқувчилари учун бепул тушлик йилига 1,74 трлн сўмни ташкил қилиши мумкин.

2020 йил февраль ойида Халқ таълими вазирлиги Қорақалпоғистон ва Хоразмда тажриба-синов тариқасида кейтеринг усулида мактабларнинг бошланғич (1−4) синф ўқувчиларига бепул овқат етказиб берилаётганини маълум қилди. 2022 йил учун маҳаллий бюджетдан 200 млрд сўм ажратилиб, ўқувчилар 470−500 калорияга эга овқат, табиий шарбат ва мевалар билан таъминланиши назарда тутилганди.

Февраль ойида Шавкат Мирзиёевнинг Мўйноқ фаоллари билан суҳбати давомида Қорақалпоғистондаги мактабларнинг 142 минг нафар бошланғич синф ўқувчиларига бепул овқат берилаётгани маълум қилинди.