Сайловчилар билан учрашувларда амалдаги давлат раҳбари ва ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев 1−4-синф ўқувчилари учун аввал Қорақалпоғистонда, кейин Хоразм вилоятида бепул овқат беришни ваъда қилди.

Шунга ўхшаш таклиф — барча бошланғич синф ўқувчилари учун бепул нонушта ҳақида — Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Мақсуд Варисова томонидан айтилган. Сайловолди дастурида у «мактаб ва мактабгача таълим муассасаларидаги ўқувчилар ва тарбияланувчиларни сифатли ва соғлом озиқ-овқат билан кафолатли таъминлаш»ни ваъда қилган.

Ташаббус нархи

Шавкат Мирзиёев Бўзатов туманида сайловчилар билан учрашувда Қорақалпоғистонда 1−4 синф ўқувчиларининг бепул тушлиги учун йилига 100 млрд сўм ажратилишини маълум қилди.

«Газета.uz» Халқ таълими вазирлигидан мактаб ўқувчилари сони ҳақида маълумот олиш ва бу ташаббус давлат бюджетидан қанча харажат талаб этишини ҳисоблаб чиқди.

2021 йил 20 сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон мактабларида 1 -синфдан 11 -синфгача бўлган умумий 6,24 млн ўқувчи ўқийди. Улардан 2,45 миллиони бошланғич синф ўқувчилари (1−4-синфлар) ҳисобланади.

Қорақалпоғистон мактабларида 1 -синфдан 11 -синфгача бор -йўғи 354,6 минг ўқувчи, шу жумладан 140,2 минг бошланғич синф ўқувчилари ўқийди. Агар 100 млрд сўмни бошланғич синф ўқувчиларининг сонига бўлсак, унда ҳар бир ўқувчининг овқат нархи йилига тахминан 713,2 минг сўмни ташкил қилади.

Агар ушбу маълумотлар 136,2 минг бошланғич синф ўқувчилари ўқиётган Хоразм вилояти кесимида кўриб чиқилса, унда ҳар йили давлат бюджетидан қарийб 97,14 млрд сўм ажратиш керак бўлади. Бу миқдор ҳар йили ўқувчилар сонининг кўпайиши билан ортади.

Сирдарё вилоятида 59 минг бошланғич синф ўқувчиси бор, бепул овқатланиш нархи 42,1 млрд сўмни ташкил қилиши мумкин.

«Газета.uz» ҳисоб-китобларига кўра, барча 1−4-синф ўқувчилари учун бепул тушлик йилига 1,74 трлн сўмни ташкил қилиши мумкин (Марказий банкнинг 23 сентябрдаги курси бўйича 163,8 млн доллар).

бепул тушлик, сайлов 2021

Манба: «Газета.uz» ХТВнинг мактаб ўқувчилари сони ҳақидаги маълумотларига асосланган кўрсаткичлар.

Мутахассислар фикри

Иқтисодчи ва «Bakiroo» блоги муаллифи Отабек Бакиров номзодларнинг сайловолди ваъдалари «борган сари харажатли бўлиб бораётгани» ҳақида ёзган.

У мактаб ўқувчилари учун бепул овқатланиш Ўзбекистонда бундан олдинам ҳам бўлганини эслатди. 1991−1993 йилларда социалистик нархларнинг эркинлаштирилиши шаротида Ислом Каримов ижтимоий сиёсатининг бир қисми ўлароқ мактабларда бешинчи синфгача ўқувчиларга бепул нонушта берилган, талабалар ошхоналарида эса арзонлаштирилган емаклар ташкил этилган.

«Ўша даврларда мактаб ўқувчиси сифатида эслайман. Қишлоқ жойларда ўқувчиларга сут ва булочка бериларди. Кўпчилик уйида сигир бўлгани учун сут кўпинча ичилмасди, яна свет йўқлиги учун қайнатишда муоммолар бўларди. Булочка ейиларди (нон, айниқса оқнон, булочка ростанам жиддий муаммо эди). Баъзи кунлари нон комбинати ишламай булочка келмасди. Ёки мактабда ичиш тугул, идиш ювишга сув топилмасди», — деди у.

Кўп мактабларда элементар буфет ва ошхона йўқ, умуман нонушта тайёрлашга свет, сув, газ каби шароитлар керак бўлади. «Кейтеринг хизмати-чи дерсиз. Йўқ. Тошкентдаги давлат буюртмаларини эмишга ихтисослашган уч-тўрт фирмани айтмаса, кейтеринг бозори вилоятларга ва туманларга етиб бормаган», — қайд этди у.

Муаллифнинг фикрига кўра, Ўзбекистон аҳолисида, ҳатто Хоразм ва Қорақалпоқда ҳам 90-йиллардаги каби очлик ва тўйиб овқат емаслик муаммоси мавжуд эмас. «Муаммоларимиз етарлича, лекин ҳарқалай болаларимиз очмас».

Бепул нонушта маъмурчилиги ўта қиммат, самараси эса ўта саволли харажат бўлади. Ўта муваффақиятли кечган тарзда ҳам ҳокимларнинг чўнтаги бўлган фирмаларнинг бюджет эмадиган қўшимча даромад воситасига айланади, деб ҳисоблайди Отабек Бакиров.

«Шундай экан, агар болаларимизнинг рациони бизни ўйлантираётган бўлса, кам таъминланганлар ва болалар пули суммасини кўпайтириш самаралироқ кўринади. Маъмурчилик рисклари ҳам каррасига кам», — таъкидлади у.

«Каримов бепул нонушта тизимидан 1994 йилдаёқ воз кечган», — деб эслатди у.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Буюк Британия бош вазири Маргарет Тетчер ҳақидаги ҳикояни эслатди, у 1971 йилда бошланғич мактабларда бепул сут тарқатишни бекор қилганида жамоатчилик томонидан қаттиқ танқид қилинган эди

«Тетчер сутни олиб қўйиб тўғри қилган эди. Қарорларни ниятлар билан эмас, оқибатлар билан баҳолаш керак. Қолдириш „яхши“ эшитилар эди, лекин тентаклик бўлар эди. Сиёсатчи Тетчер учун хато эди, ҳа, лекин тўғри қарор эди (Сиёсий мерос) Жамият учун тўғри эди», — деб ёзди у Twitter`да.

«Ота-оналар сут бера олган, мактаб қура олмаган лекин, деб қайд этди иқтисодчи.

«Сутни қолдириб, мактаблар қурмаслик ва китоб бермаслик осон иш бўлар эди, ахир сиёсатда „шу пулга қилса бўладиган“ нарсалар кўринмайди. Ўша пайт — сут тарқатишга ҳукумат 14 миллион фунт сарф қилар эди, китобларга ярмидан кам. Сут бериш таълим харажати эмас, ижтимоий хизмат эди. Тетчер шуни тушунган ва таълим бюджетидан сутни тўғри кесган», — таъкидлади у.

«Кўп болалар жуда ёмон шароитда ўқийди — менимча, мактабларни тўғрилаш бизнинг биринчи ишимиз», — якунлади Беҳзод Ҳошимов.

Тўлиб кетган мактаблар

Май ойи бошида халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистонда ўқувчилар сони (6,24 млн) мактабларнинг лойиҳавий қувватидан (5,06 млн) сезиларли даражада ортиб кетганини маълум қилган эди. У мактабларда жой етишмаётганининг икки асосий сабабини айтган эди. Биринчиси — аҳоли сонининг кўпайиши, иккинчиси — 9 йиллик таълимга ўтиш (ҳозирда мамлакат 11 йиллик мактабга қайтди), учинчиси-мактаб биноларини бошқа идораларга ўтказиш.

«Шунинг ҳисобига ҳам мактабларимизнинг 70 фоиздан ортиғи икки сменада ишлайди. Ҳамма бир сменада бўлсин, деб айтишга ҳаракат қилади. Бу осон эмас, бунга жуда катта ресурс талаб қилинади. Келгуси йилларга прогноз қиладиган бўлсак, ҳозирги шу тенденция бўйича кетса, орадаги бу фарқ катталашиб бораверади ва ўқувчи сони билан ўқувчи ўрни ўртасидаги фарқ ҳозир бир млн бўлса, 2025 йилга келиб 2 млнга чиқиши мумкин. Бу дегани, мактаблар сиғимидаги ҳолат жуда қийин аҳволга тушиб қолиши мумкин», — деган эди Шерзод Шерматов.

Вазирнинг таъкидлашича, 2018−2020 йилларда 2615 та мактабни реконструкция қилиш ва қуриш учун 2016 йилга ва ўтган йилларга нисбатан 3−4 баравар кўп маблағ ажратилган. 2021 йилда инвестиция дастури доирасида 689 та мактабни таъмирлаш, 23 тасини қуриш режалаштирилган.

«Шу билан биргаликда, аҳолининг ўсиши ва йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ҳисобига 3000 дан ортиқ таъмирталаб мактаб бор (135 тасини қуриш, 1177 тасини реконструкция қилиш, 1695 тасини капитал таъмирлаш керак). Уларнинг ёнига спорт зали, ошхонаси, буржуй печкаси, атрофини ўраши каби муаммоларни қўшсак, тахминан 36 трлн сўм (Марказий банкнинг 4 майдаги курси билан 3,44 млрд доллар) маблағ талаб этилади. Лекин бизнинг бир йиллик инвестиция дастуримиз 2 трлн сўм атрофида маблағ бўлади», — деган эди у.

ХТВ раҳбари депутатлардан давлат бюджетини тасдиқлашда мактабларни реконструкция қилиш ва қуриш учун ажратиладиган маблағларни, шу жумладан маҳаллий бюджетлар даражасида кўпайтиришни сўраган.

Май ойида президент Шавкат Мирзиёев ҳам республикадаги мактаблар шароитининг ёмон аҳволдалиги масаласи долзарблигича қолаётганини таъкидлаганди. «Мени нима қийнайди десангиз, айтаман: мактабдаги шароит. Мактабдаги аҳволларни кўрса, одам тавба деб юборади. Ҳозирнинг ўзида мактабни таъмирлаш, уёқ-буёғини суваш учун 30 трлн сўм керак бўляпти», — деганди у.