Қорақалпоғистонда таълимни ривожлантириш ва ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифларидан келиб чиқиб, президент мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати раҳбари Шерзод Асадов.

Хусусан, Қорақалпоғистондаги ёш тадбиркорларга 7 йилгача муддатга имтиёзли шартларда ссудалар ажратиш йўлга қўйилади. Бўш турган давлат объектларида ёшлар ва хотин-қизларни хорижий тиллар ва IТ соҳасига ўқитиш курсларини ташкил этиш имкониятини яратиш, ушбу объектларни тадбиркорларга 5 йилгача бепул фойдаланишга берилади.

Давлат раҳбари, шунингдек қуйидагилар бўйича топшириқ берди:

  • Қўнғирот, Нукус ва Чимбой туманларида 4 та «Ишга марҳамат» моно-марказларини ташкил этиш;
  • фақат қорақалпоғистонлик ёшлар учун мамлакатимиздаги барча олийгоҳларга алоҳида 6,5 мингта қабул квоталари жорий этиш;
  • Қорақалпоғистондаги эҳтиёждан келиб чиқиб, экология, қишлоқ хўжалиги, ирригация, қурилиш соҳаларида таянч докторантурада қўшимча кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш.

Маълумот ўрнида, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Мурат Камалов бетоблиги сабабли лавозимидан озод этилганди. Унинг ўрнига Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг Экология ва Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келган Аманбай Оринбаев сайланганди. У президентдан Қорақалпоғистонни ривожлантириш борасидаги таклиф ва режаларни тўлиқ амалга ошириш учун зарур бўлган ресурслар ажратилишида кўмак сўраган.