Сурия президенти Башар Асаднинг Самарқанддаги Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитига ташрифи кўтарилмади ва муҳокама қилинмади. Бу ҳақда 26 август куни бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистоннинг ШҲТ ишлари бўйича миллий координатори Раҳматулла Нуримбетов журналистларга маълум қилди.

15−16 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган ташкилот саммитига Башар Асаднинг эҳтимолий ташрифи масаласи Эрон Tasnim агентлиги хабари ортидан кўтарилди. Агентлик ўз манбаларига таяниб, Россия президенти Владимир Путин Башар Асадни ШҲТ давлатлари раҳбарларининг Самарқанд учрашувида иштирок этишга таклиф қилгани ҳақида хабар берди.

Anadolu агентлиги Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған август бошида сентябрда Ўзбекистонда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашувида Владимир Путин таклифига биноан иштирок этмоқчилиги ҳақида ёзган эди.

Tasnim маълумотларига кўра, Туркиянинг «Ватан» партияси етакчиси Доғу Перинчек Башар Асад билан музокаралар ўтказиш учун делегация таркибида Сурияга бориши керак. Учрашув вақтида муносабатларни қайта тиклаш, Сурия шимолида терроризмга қарши биргаликда курашиш ва қочқинларни қайтариш масалаларини мухокама қилиш режалаштирилган.

«Агарда мазкур учрашув „ижобий бўлса“, Туркия ва Сурия президентлари ШҲТ саммити доирасида учрашиши мумкин», — дея тахмин қилди агентлик.