Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан Одил Каландарович Абдурахманов президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерход Асадов хабар берди.

Одил Абдурахманов 2018 йилдан буён президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси вазифасида ишлаб келган Абдужаббор Абдувоҳидов ўрнини эгаллади.

Абдужаббор Абдувоҳидов 25 август куни президент Администрацияси раҳбари Сардор Умрзаков ўтказган йиғилишда ишдан олингани хабар берилганди. Умрзаков «аҳолининг жуда кўп эътирозлари таълим ва тиббиётга оид» эканини таъкидлаган. Ушбу соҳаларга айнан Абдувоҳидов раҳбарлик қилиб келган.

Иқтисод фанлари доктори Одил Абдурахманов тайинловга қадар Тошкент давлат транспорт университети ректори лавозимида ишлаб келаётганди. У июнь ойидан бошлаб Республика олий таълим кенгашига раислик қилади.

2019 йил апрелдан 2020 йил июнга қадар Одил Абдурахманов президентнинг фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси ўринбосари бўлган. 2018−2019 йилларда у олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Абдурахманов ўтган йиллар давомида президент Администрациясида бош маслаҳатчи (консультант) бўлган, Республика бандлик, меҳнат муҳофазаси ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш илмий марказига раҳбарлик қилган.