Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан Одил Қаландарович Абдурахманов янги ташкил этилган Тошкент давлат транспорт университетининг ректори этиб тайинланди, дея маълум қилди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг матбуот хизмати.

Тайинловга қадар, Одил Абдурахманов Ўзбекистон Президентининг фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Маълумот учун, Одил Абдураҳмонов (1978 йилда туғилган) олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида 2018 йил 31 июлдан буён ишлаган, унгача Президент Администрациясида бош маслаҳатчи (консультант) бўлган, Республика бандлик, меҳнат муҳофазаси ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш илмий марказига раҳбарлик қилган ва иқтисодиёт фанлари доктори илмий даражасига эга.

Эслатиб ўтамиз, 5 май куни Президент қарори билан Тошкент темир йўл муҳандислари институти, Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти ҳамда Тошкент давлат техника университетининг авиакосмик технологиялари факультети бирлаштирилиб Тошкент давлат транспорт университети ташкил қилинганди.