Миллиардер Алишер Усмоновга тегишли «Металлоинвест» ҳолдинги 2022 йилнинг январида Москва шаҳрининг Воробьев шоссесида жойлашган Safisa ресторанини «Ви Ҳолдинг» президенти Виталий Машчицкийдан сотиб олган эди. Орадан 7 ой муддат ўтгач, у қайта сотувга қўйилган.

Spot.uz нашрининг хабар беришича, рестораннинг янги эгалари «ПВС и ИАМ» асосчилари, бизнесменлар Вачаган Петросов (70%) ва Азик Илишаев (30%) бўлди.

Мазкур банкет зал 2005 йилда Черкизовский бозорининг собиқ эгаси Телман Исмоилов томонидан қурилган. Москвадаги энг машҳур банкет залларидан бири 3000 дан ортиқ тадбирларга мезбонлик қилган, унда 100 дан ортиқ юлдуз санъаткорлар чиқиш қилган.

Биллур қандиллар, мармар поллар ва зарҳал зинапояларга эга икки қаватли қасрда сиёсий байрамлар нишонланади ва Forbes рўйхатидаги миллиардер оилаларнинг базмлари ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, Алишер Усмонов Россиянинг Украинага қарши ҳаракатлари сабабли бошқа россиялик миллиардерлар қаторида Ғарб санкцияларига дуч келган эди. Forbes нашри тадбиркор ўз асосий эътиборини ўз ватани — Ўзбекистонга қаратмоқда, дея хабар берган.