Алишер Усмонов Россиянинг Украинага қарши ҳаракатлари сабабли бошқа россиялик миллиардерлар қаторида Ғарб санкцияларига дуч келди. Бу орада Алишер Усмонов ўз асосий эътиборини ўз ватани — Ўзбекистонга қаратмоқда, дейди Forbes нашри. «Газета.uz» Forbes’нинг Алишер Усмонов ҳақидаги ушбу мақоласини ўзбек тилида эътиборингизга ҳавола этади.

Миллиардер Алишер Усмонов санкциялар остида бўлишига қарамай, у бизнес даҳоси, қиличбозлик спорти мухлиси, саҳий хайриячи-глобалистдир, аммо бир нарсани аниқ айтиш мумкин — у Путин билан боғлиқ. Алишер Усмонов Украинадаги уруш учун жазоланган сони кўпайиб бораётган миллиардерлардан бири.

Апрель ойида у ўзининг Dilbar номли мега-яхтасидан маҳрум бўлди, Европа санкциялар қонунининг қўли узунлик қилаётгани учун бефарзанд Усмонов яхтани синглисининг номига, оилавий трастга топширди. Ва унинг шахсий Airbus 340−300 самолёти энди Усмонов билан бирга дўстона осмонни кезмаяпти. Унинг компаниялари Россия у ёқда турсин, Европада ҳам даромад кўриши тобора қийинлашиб бормоқда. Санкциялар айнан шу мақсадда жорий этилди. «Россия элитасини оғриқни ҳис қилишга мажбур қилинг. Балки шунда улар Путинни бу йўлдан қайтаришга ҳаракат қилишар», — дейилади Forbes мақоласида.

Аммо бу юз бермаяпти, Усмонов Путинга ҳеч нарса демаяпти (агар умуман мулоқот қилишса). «Усмонов — ўзбек. Тўрт йил аввал у Ўзбекистоннинг фаҳрий фуқаролигини олди. Усмонов дунёга келганида мамлакат Совет Иттифоқининг бир қисми эди, шунинг учун ҳам у пайтлар Ўзбекистон фуқаролиги йўқ эди», — деб ёзади Forbes журналисти Кеннет Рапоза.

Фуқароликни олган буён у ўз ватанига инвестицион сармоя юборади ва кўп вақтини қадимий Тошкент шаҳрида ўтказади. Бу неон чироқлари ва классик архитектураси билан ялтиллаб турадиган замонавий Москва шаҳридан, баъзида Москва дарёси бўйлаб McLaren русумли автомашиналар катта тезликда ўтиб турадиган ҳудудлардан анча йироқ. Бу «ҳаваскор миллиардер» танлаши мумкин бўлган энг яхши йўл. Унинг анъанавий «маҳалла уйида» (албатта, биллур қандили билан) яшамаслиги ажабланарли.

«Менга қарши санкциялар ноҳақ ва асоссиз айбловларга асосланган», — деди Усмонов менга [Кеннет Рапоза]. «Шахсий маблағларни хайрия қилиш ва инвестицияларни жалб қилиш қийинроқ: аслида бу чекловлар нафақат менга, балки ёрдамимга муҳтож бўлган барча одамларга ҳам таъсир қилди. Шунинг учун менинг ҳозирги вазифам уларга ёрдам беришдир».

Февраль ва март ойларида унга АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва Швейцария санкциялар эълон қилди.

Айблов: Усмонов «Россия Федерацияси ҳукуматини бизнес империялар, бойлик ва бошқа манбалар орқали тўғридан-тўғри ва билвосита қўллаб-қувватламоқда», — деб эълон қилди 3 март куни АҚШ Молия вазирлиги. Алишер Усмонов USM холдинг компанияси (49% акцияларига эгалик қилади) орқали металлургия ва кончилик, телекоммуникация ва технология бизнесларига эгалик қилади. АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига кўра, Усмонов Путинга, шунингдек, Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари, Россия собиқ президенти ва бош вазири Дмитрий Медведевга яқин эканлиги маълум. Усмонов иккаласи билан ҳам алоқадорлигини рад этган.

«Мен сиёсат билан шуғулланмаганман ва ҳеч қачон Россия давлатидан ҳеч нарса олмаганман, 1990 йилларда давлат мулкини хусусийлаштириш пайтида ҳам, ундан кейин ҳам», — деди у менга. «Санкцияларни қўллаганлар эскириб қолган тушунчаларга камроқ таяниши керак. Кенг тарқалган стереотиплардан фарқли ўлароқ, ўзининг ҳалол меҳнати ва идроки билан бойлик орттирган одамлар ҳам бор».

Усмоновнинг сўзларига кўра, унга нисбатан қўлланилган санкциялар унинг одатий саёҳати ва бизнесига тўсқинлик қилмоқда. «Бу, жумладан, сўнгги бир неча йил ичида кўп вақтимни ўтказаётган — Ўзбекистондаги фаолиятимга ҳам тўсиқлар яратади», — дейди у. Усмонов адвокатлар билан санкцияларнинг бир қисмини бекор қилиш устида ишламоқда. Май ойида у Европа судига апелляция аризаси билан мурожаат қилди.

Бир пайтлар машҳур «Арсенал» футбол клубининг асосий акциядори бўлган россиялик миллиардер энди ўз бойлигининг қўриқланаётгани ва назорат қилинаётганлигининг гувоҳи бўлмоқда. Айни пайтда Россия иқтисодиёти оғир кўринаётган (арзон бўлишига қарамай) ва Европа ҳамда АҚШ ёпилган бир пайтда, Алишер Усмоновнинг ўзбекистонлик эканлигини ҳисобга олмаганда, у учун Ўзбекистон муқобил йўл бўлиб кўриниши мумкин.

Шунингдек, бу Жим Рожерс каби ўзи учун Совет Иттифоқнинг собиқ бир қисмини кашф қилган бир талай сармоядорларнинг фикрлари ва ҳикоялари билан мос келади.

Алишер Усмонов денгизга чиқа олмайдиган ушбу давлатга сармоя киритганлар орасида энг йирик ўйинчидир. Бир неча йил олдин тез ривожланаётган, аммо раҳбарият ўзгариши оқибатида секинлашиш кузатилаётган қўшни Қозоғистон каби, Ўзбекистонда янги раҳбарият мамлакат билан олдинга улкан сакрашни амалга оширишга ҳаракат қилмоқда.

«Ҳозирда Ўзбекистон иқтисодиёти йилига 7% га ўсмоқда, у ҳозиргача Марказий Осиёдаги энг кўп аҳолига эга ва ёш, ўсиб бораётган аҳолига эга мамлакатдир ҳамда бошқа чегара бозорларидан фарқли ўлароқ, иқтисодиёти яхши диверсификацияланган», — дейди ҳозирда Ўзбекистонда жойлашган Bluestone кичкик инвестицион банки ҳамкори Куинн Мартин.

«Ҳукумат ақлли, Ғарбда таълим олган „вакиллар“ билан тўла, улар ҳамма нарсани кескин тезликда ислоҳ қилмоқда», — дейди Мартин.

У ерда турклар, амирликлардан келганлар, саудияликлар, корейслар бор ва пандемия даврида Қозоғистондаги баъзи ижтимоий тартибсизликлардан сўнг, хитойликлар Ўзбекистонни «Бир макон, бир йўл» ташаббусига қўшиш учун ҳаракат қилишмоқда. «Россия у ерда ўзининг муҳим ўрнини сақлаб қолишни истайди ва улар буни давлатга қарашли нефт ва газ компаниялари маблағлари ва сармоялари орқали амалга оширмоқда», — дейилади Forbes мақоласида.

Ғарб IT-аутсорс (фрилансерлар) хизматларини амалга ошиаётган россияликлар сиёсий хавфлар туфайли Россияни тарк этишга интилаётгани сабабли Ўзбекистон уларни ўзига жалб қилмоқда. Айримлари Тошкентга кўчиб ўтмоқда.

«Ўзбекистон Ислом Каримов бошқаруви давридаги йўқотилган бир неча ўн йилликлардан сўнг хайратланарли ислоҳотлар йўлидан бормоқда», — дейди Усмонов. Усмонов собиқ ҳукумат ҳақида: «Ўша пайтларда мен бу ерда на яшай, на ишлай олардим. Аммо бугун мен ўз мақсадимни Ўзбекистоннинг ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга ёрдам бериш деб биламан. Бу мамлакатда иқтидорли ва меҳнаткаш одамлар бор», — дейди у ва Мирзиёев Ўзбекистонни дунёга олиб чиқиш учун «бор кучини» сарфлаётганини қўшимча қилди.

Усмонов менга [Кеннет Рапоза] Рожерс Ўзбекистон ҳақидаги олдинги интервьюларида айтиб ўтган секторлар ҳақида гапирди — уларнинг аксарияти хом ашё маҳсулотларига асосланган. Ва бироз қисмини юқори технологиялар ташкил қилади.

«Пахтани қайта ишлаш, мева-сабзавот етиштириш, шунингдек, мамлакатнинг тоғ-кон ресурсларини ўзлаштириш, хусусан, рангли металл рудаларини қазиб олиш ва қайта ишлаш сармоя киритиш учун энг қизиқарли йўналишлардир», — дейди Усмонов.

Ўзбекистон яқин бир неча йил ичида ўзининг йирик давлат корхоналарини, жумладан, IPO орқали хусусийлаштирмоқда.

«Ўзбекистонга сармоя киритиш яқинда «Берлин девори қулаши»ни бошидан кечирган мамлакатга сармоя киритиш каби мисли кўрилмаган имкониятдир: бу ёпиқ социалистик давлатдан бозор иқтисодиётига тез ва кенг миқёсда ўтиш каби ҳолат», — дейди Лондондаги Sturgeon Capital ҳамкори Алекс Брантон. Улар Ўзбекистонга сармоя киритишган.

«Ўзбекистон офлайн даврни самарали тарзда ўтказиб юборди ва керакли тажриба ҳамда инфратузилмалар билан рақамли технологиялар даврини бошлади. Мамлакатга смартфонларнинг кириб бориш тезлиги юқори ва у ерда технологияни яхши биладиган, ҳаммаси „қандай бўлиши кераклиги“ борасида ҳолис қарашларга эга бўлган ёш аҳоли мавжуд», — дейди у.

Қозоғистон бу борада бироз олдинда, Kaspi каби машҳур инвестиция компаниялари мамлакатда молия ва электрон технологиялари тижорат соҳасида самарали бўлиб, ўтган йили тахминан 1 миллиард доллар соф даромад олди ва Қозоғистон аҳолиси Ўзбекистон аҳолисининг ярмини ташкил қилади.

Sturgeon Ўзбекистонда ZoodPay деб номланган бизнесга сармоя киритмоқда. «Бу бизнинг Kaspi муваффақиятини такрорлашга уринишимиз», — дейди Брантон. Sturgeon Қозоғистондаги энг йирик хусусий капитал фондини бошқаради.

Усмоновга унинг яхтаси Тошкентда керак бўлмайди. Аммо Airbus самолети керак бўлиши мумкин. Аммо у яратган табиий тўсиқлар бўлмаганида, санкциялар эълон қилувчи режими унинг ватанига фойдали бўлиши мумкин бўлган чекловлардан воз кечиши мумкин эди.

У Каримовдан кейин ўзи учун Ўзбекистонни кашф қилган биринчи инсон эмас. Бироқ, ҳар қандай бозорда ижобий бозор кайфиятини топиш қийин бўлган бир пайтда, у ердаги ишга сармоя киритиш Ўзбекистонда ҳеч бўлмаганда ижобий кайфиятни оширади. Бир пайтлар қўшни мамлакатлар ичида энг барқарори бўлган Қозоғистон ҳозир кўпчилик кутмаган тарзда инқироз ҳолатида.

«Ўйлайманки, ҳозир инвесторлар учун Ўзбекистон бозорига кириш учун қулай вақт», — дейди Усмонов. «Мен ҳаммани бу ерга сармоя киритишга чорлайман. Мен акциядор бўлган компаниялар бу ерда металлургия, цемент ишлаб чиқариш ва телекоммуникация соҳаларига сармоя киритмоқда», — дейди у, ва Ўзбекистонга ерга кўпроқ сармоя киритишини, ишлаб топган барча пуллари Ўзбекистонда қолишини қўшимча қилди.