Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги кўп қаватли турар-жой бинолари атрофини ободонлаштиришда талон-торож ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланди, деб хабар берди департамент матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, Қарши шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси билан тузилган пудрат шартномасига асосан «Наво» МФЙ ҳудудидаги кўп қаватли турар-жой бинолари атрофини ободонлаштириш «A.B.» МЧЖ томонидан амалга оширилиши керак бўлган.

«Мазкур МЖЧ томонидан қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича ҳужжатларга амалда бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали 573,2 млн сўм маблағни ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш ҳолати аниқланган», — дейилади хабарда.

Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.