Покистон ва Афғонистон ўзаро юк машиналари ҳайдовчилари учун махсус визалар жорий қилмоқда. Ўзбекистон ҳам дастурга қўшилиши мумкин, деб ёзади Spot Pakistan Today нашрига таяниб.

Покистон савдо вазири Навид Қамарнинг айтишича, янги олти ойлик визалар икки давлат юк ташувчиларига чегарани кесиб ўтиш ва юкларни тўсиқларсиз етказиб бериш имконини яратади.

Ўзбекистон ҳайдовчилари учун ҳам махсус виза режими жорий этилиши кутилмоқда. Бунинг учун уч давлат ўртасида битим имзоланади.

Вазир Марказий Осиё экспорт учун катта салоҳиятга эга эканлигини таъкидлади — бунинг натижасида уларнинг Яқин Шарқ, Европа Иттифоқи ва АҚШ экспорт бозорларига қарамлиги камаяди. Мамлакат ҳукумати Покистонни Афғонистонни бошқа давлатлар билан боғловчи савдо, транзит ва транспорт марказига айлантириш ниятида.

Ислом Республикаси аллақачон Ўзбекистон билан транзит савдоси бўйича битимни имзолаган. Вазирнинг сўзларига кўра, айни пайтда Қозоғистон ва Қирғизистон билан ҳам бу борада музокаралар олиб борилмоқда.

Июн ойида ўзбекистонлик юк ташувчилар Покистондан Афғонистон орқали транзит юкларни биринчи ташишни амалга оширди. Ҳайдовчилар бир ҳафта ичида Карачи портидан Тошкентга бир партия гўшт олиб келишди.