Ўзбекистонлик ҳайдовчилар Покистондан Афғонистон орқали транзит йўли билан биринчи юкни олиб ўтишди, дея хабар берди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Юк машиналари Покистоннинг Карачи портидан Тошкентга музлатилган гўшт партиясини олиб келди. 2760 км узунликдаги йўналиш Тошкент, Термиз, Мозори Шариф, Кобул, Пешовар ва Карачи шаҳарларини қамраб олган. Ортилган юк бир ҳафта ичида етказиб берилди.

Ушбу транспорт йўлаги Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистон ҳукуматлари ўртасидаги музокаралар натижасида ўз ишини бошлаган. Уч томонлама саъй-ҳаракатлар натижасида бугун ушбу транспорт коридорининг тўлақонли фаолият юритиши, юкларнинг қисқа фурсатларда, хавфсиз равишда белгиланган манзилига етказилиши таъминланмоқда, дейилади хабарда.

Транспорт вазирлиги логистика муаммоларининг муваффақиятли ҳал этилиши Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқаларини ривожлантириш ва халқаро бозорларга чиқиш учун ташқи савдо ҳажмини оширишда муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлади. Хусусан, денгиз портларига чиқиш ҳамда бу йўналишда қулай транспорт коридорларини яратиш Ўзбекистон учун стратегик вазифадир.

Эслатиб ўтамиз, Туркманистон 1 июндан бошлаб Ўзбекистонга транзит юк ташишга рухсат берди. Бунда бир қатор талаблар: автомобиллар автоколоннада ҳаракатланиши, ҳайдовчиларга тўхташ ва кабинадан чиқиш тақиқланиши ва бошқалар ўрнатилди.

Февраль бошида Ўзбек-Афғон-Покистон музокаралари натижасида деярли 600 км узунликдаги «Мозори-Шариф — Кобул — Пешавор» темир йўлларини қуриш бўйича «Йўл харитаси» қабул қилинганди. Лойиҳани амалга ошириш учун 5 йил кетиши мумкин. Бунга 4,8 млрд доллар кредит маблағларини жалб қилиш режалаштирилмоқда.