Ўзбекистонда ҳар бир маҳалла учун бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланмайдиган Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси ташкил этилади. Бу президент Шавкат Мирзиёвнинг 16 августдаги қарорида кўзда тутилган.

Қуйидагилар жамғармалар маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

  • маҳалладаги ҳудуди 2000 кв м гача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчисининг онлайн-буюртманомасига асосан тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукцион савдолари орқали сотишдан тушадиган маблағлар, баҳолаш ва сотиш харажатлари чегирилган ҳолда;
  • маҳалланинг мол-мулкини белгиланган тартибда ижарага беришдан олинадиган маблағлар;
  • халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари қарорларига асосан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ажратиладиган маблағлар;
  • маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчиси тавсияси асосида маҳалла инфратузилмасини яхшилаш учун маҳаллий бюджетдан ажратиладиган маблағлар;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
  • хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотларнинг техник кўмак маблағлари (кредит, грант, беғараз ёрдам ва бошқалар);
  • қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Қуйидагилар жамғармалар маблағларидан молиялаштириладиган асосий йўналишлар ҳисобланади:

  • маҳалла ҳудудидаги ички йўллар, электр энергияси ва табиий газ тармоқлари, ичимлик ва оқова сув тизимини таъмирлаш ва тиклаш;
  • маҳалла биноси, маҳалла ҳудудида жойлашган спорт майдони, нуронийлар чойхонаси, ёшлар маркази, болалар майдончаси, кутубхона, маданият марказини қуриш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда уларни инвентар, мебель, компьютер техникаси ва бошқа ускуналар билан жиҳозлаш;
  • маҳалла ҳудудида инфратузилмани ривожлантириш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш;
  • ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга моддий кўмаклашиш ҳамда уларнинг турар жойларини таъмирлаш ва жиҳозлаш.