Конья (Туркия) шаҳрида бўлиб ўтаётган Ислом бирдамлиги ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари турли спорт йўналишларида яна 22 та медални қўлга киритди.

Оғир атлетика

109 кгдан юқори вазн тоифасида иштирок этган ўзбекистонлик оғир атлетикачи Акбар Жўраев Коня — 2021 мусобақасининг мутлақ чемпиони бўлди. У даст кўтаришда 200 кг, силтаб кўтаришда 246 кг, икки курашда эса 446 кг тошни ўзига бўйсундирди. Шу тариқа, Жўраев Ўзбекистон делегациясига 3 та олтин медални келтирди.

Оғир атлетика бўйича Олимпия чемпиони Руслан Нурудинов (-109 кг) даст кўтаришда биринчи уринишда Ислом бирдамлиги ўйинлари рекордини (177 кг) ўрнатди, кейинроқ 187 кг тошни ўзига бўйсундирди. Силтаб кўтаришда эса у 230 кг, икки курашда 417 кг тошни кўтарди. Шу тариқа, у ҳам 3 та олтин медални қўлга киритди.

Паралимпиячилар

Стол тенниси бўйича жуфтлик баҳсларда қатнашган Расул Отамуродов бронза медалига сазовор бўлди. Унинг бу дастурдаги шериги Покистон вакили эди.

Ўзбекистон паралимпия терма жамоаси ўйинларда жами 8 та — 3 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритди.

Қиличбозлик

Қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Зайнаб Дайибекова, Паола Плиего, Айсулу Уснатдинова, Севинч Исмоилова каби спортчилардан иборат Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ярим финалда Туркия вакилларини 45:31 ҳисобида мағлуб этди. Ҳал қилувчи баҳсда озарбайжонлик рақибларига 34:45 ҳисобида имкониятни бой бериб, кумуш медалга сазовор бўлди.

Аёллар ўртасида қиличбозликнинг рапира йўналишида Ўзбекистон вакиласи Умида Илёсова ярим финалда туркиялик рақибига ютқазиб, бронза медалини қўлга киритди.

Файзулла Алимов ва Нодирбек Мўминов терма жамоа ҳисобига яна иккита бронза медаль келтирди. Алимов ярим финалда озарбайжонлик Руслан Хасановга 11:12, Мўминов қирғизистонлик спортчи Роман Петровга 10:15 ҳисобида имкониятни бой берди.

Сузиш

Ўзбекистонлик сузувчилар (Алексей Тарасенко, Олимжон Одилов, Эгор Петряков, Хуршижон Турсунов) эркаклар ўртасида 4×200 метрга эркин усулда эстафета баҳсларининг сўнгги баҳсларида туркиялик сузувчиларга имкониятни бой бериб, иккинчи ўринни эгаллади.

50 метрга эркин усулда сузиш баҳсларида Хуршижон Турсунов 22,51 сония натижа билан иккинчи, Алексей Тарасенко белгиланган масофани 22,72 сонияда босиб ўтиб, учинчи ўринни эгаллади. Турсуновнинг натижаси Ўзбекистоннинг янги рекорди сифатида қайд этилди.

Бир кун аввал 400 метрга эркин усулда сузишда учинчи ўринни эгаллаган сузувчи Егор Петряков бугун ана шу масофага комплекс усулда сузишда бронза медални қўлга киритди.

Дзюдо

Дзюдочилардан Шаҳрам Аҳадов (-73 кг) ва Сардор Нуриллаев (-66 кг) олтин медални қўлга киритди. Аҳадов финалда озарбайжонлик Наримон Мирзаевни, Нуриллаев Марокаш вакили Абдураҳмон Боушитни мағлуб этди.

Шунингдек, дзюдочилардан Нилуфар Эрмагамбетова (-57 кг) ва Диёра Келдиёрова (-52 кг) олтин медалга сазовор бўлди.

Кемран Нуриллаев (-60 кг) озарбайжонлик спортчига имкониятни бой бериб, терма жамоа ҳисобига кумуш медални қўшиб қўйди.

Дзюдочи Севинч Исоқова (-63 кг) ва Сита Қадамбоева (-52 кг) терма жамоа ҳисобига бронза медалини келтирди.