Сўнгги йилларда ўзбекистонликлар ўзлари учун саёҳат қилиш мумкин бўлган қулай ва арзон мамлакатлар сифатида асосан уч мамлакат — Грузия, Туркия ҳамда Озарбайжонни танлашмоқда. Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида айни шу уч мамлакатга саёҳат қилган ва боришни режалаштираётган инсонларни кўп учратиш мумкин.

«Газета.uz» охирги йилларда ўзбекистонликлар орасида Грузияга қизиқиш нега ортиб бораётгани билан қизиқди ва ушбу мамлакатга саёҳат қилган инсонларнинг фикрларини сўради (2-қисм).

«Грузиядаги эътиборга молик тарихий жойлар Ўзбекистондагидан анча кам»

Компьютер графикаси мутахассиси, YouTube`даги «Улар» лойиҳаси муаллифи Лазизбек Ҳамидов охирги тўрт йилдан буён Грузияга саёҳат қилади. У «Газета.uz» билан суҳбатда мазкур мамлакатнинг ижобий томонлари, сиёсий ислоҳотлари, Ўзбекистон фуқаролари визасиз кириши мумкин бўлган мамлакатлар ҳамда авиакомпания монополияси ҳақида гапирди.

Сўнгги йилларда Грузияга саёҳат қилиш учун ўзбекистонликларнинг қизиқиши ортаётганининг сабабларидан бири, аввало, ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегменти ичида ушбу мамлакатга саёҳат қилиш жуда ҳам кенг тарғиб қилинаётганида. Яъни, Грузияга бориб келган инсонлар ушбу мамлакат ҳақида илиқ гапларни айтишади. Дубайга борганларнинг кўпчилиги эса «Дубай иссиқ экан, бошқа бормайман», «қиммат экан» дейишади. Грузияга борган одамларнинг деярли ҳеч қайсиси бу каби фикрларни ёзмайди. Аксинча, яхши таассуротлар билан келишади.

Фото: Лазизбек Ҳамидовнинг шахсий архивидан.

Иккинчидан, Грузия жуда ҳам арзон. Батуми ёки Тибилисига борсангиз деярли европача тизимни кўришингиз мумкин. Бунинг муқобилини ўша пулга бошқа жойдан топа олмайсиз. Масалан, Дубайга учиш билети Грузияники билан бир хил бўлиши мумкин, лекин Дубайда сиз ўзингизга кўп нарсани раво кўра олмайсиз. Пулингизнинг ҳар бир тийинини ҳисоблашингизга тўғри келади.

Грузиядаги нархлар Ўзбекистондан кўп ҳам фарқ қилмайди. Мисол учун, дейлик, сиз Бухородан Тошкентга 1 ҳафтага дам олгани келсангиз меҳмонхонага жойлашасиз, бирор-бир кафега кириб кофе ичасиз, овқат ейсиз, шундай қилиб 1 ҳафта давомида шу тарзда яшадингиз. Айтайлик, шу муддат ичида 300 доллар ёки 250 доллар пул ишлатдингиз. Худди шу пулга Грузияда ҳам 1 ҳафта яшаш мумкин, фарқи шуки, сиз саёҳатга чиққан бўласиз.

Грузиядаги ислоҳотларни биз яхши биламиз. Грузия собиқ Иттифоқ давлатлари орасидан чиққан ва жуда ҳам қолоқ, коррупцияга ботган мамлакат бўлган. Энг аҳамиятлиси, бунинг барчасидан қутула олган. Тўғри, маълум юқори давраларда коррупция ҳали ҳам бор. Лекин маиший коррупция йўқ. Ўзингизга «қандай қилиб собиқ Иттифоқдан чиққан давлат коррупцияни енгиб, яхши ва замонавий, жуда ҳам жозибадор, ўзининг халқига нисбатан бир неча баробар кўп сайёҳларни жалб қила оладиган давлатга айланди?», деб савол бергингиз келади. Охирги 4 йил давомида Грузияга боряпман. Грузиядаги эътиборга молик тарихий жойлар Ўзбекистондагидан анча кам, дейлик, ўттиздан бир қисмини ташкил қилиши мумкин.

Фото: Лазизбек Ҳамидовнинг шахсий архивидан.

Ўзбекистон фуқаролари визасиз кириши мумкин бўлган давлатлар шу даражада камки, йиғлагулик ҳолатда. Ҳатто Черногорияга ҳам виза олиш керак. Ваҳоланки, қозоғистонликларга Черногорияга бориш учун виза керак эмас. Улар билан нима фарқимиз бор? Биз Ўзбекистон, у Қозоғистон. Иккаламиз ҳам -истон -истон. Иккаламиз ҳам собиқ Иттифоқдан чиққанмиз. Улар визасиз кира олади, биз кира олмаймиз. Ўзбекистон фуқаролари визасиз кириш мумкин бўлган мамлакатлар орасида Грузиянинг ютиб чиқиш эҳтимоли эса юқорироқ, менимча.

Грузияда 3,5 млн аҳоли бор. Бир йилда 6−7 млн турист боради, бу ўзининг халқидан икки баравар кўп дегани. Бизга қанча турист келади? 1 ёки 2 млнми? 2 млн турист келади деганда ҳам бу — аҳолимиздан 15 баравар кам дегани. Мамлакатда тунги ҳаётнинг йўқлиги фақат қари туристларни жалб қилади, холос. Уларга бу нарса керак эмас. Шунинг учун ҳам бизда ёшроқ туристлар нисбатан камроқ, деб ўйлайман. Тошкент, Бухоро ёки Самарқандни жозибадор қилиб кўрсатмоқчи бўлсак, одамни ўлдириб қўймайдиган ҳамма нарса бўлиши керак. Жиноятга тортилмайдиган барча нарсага рухсат берилиши лозим. Мен бунда одамларнинг соғлигига ёмон таъсир қиладиган нарса ҳақида гапирмаяпман. Халқаро бозорда нормал қабул қилинадиган нарсаларнинг ҳаммаси бизда бўлиши керак.

Фото: Лазизбек Ҳамидовнинг шахсий архивидан.

Грузияда ёшлар жуда ҳам эркин. Биз Тибилисига борганимизда меҳмонхонадан пастга тушсак кичкина жойларга тунги клублар ташкил қилиб қўйишган. У ерга кириб ёшлар кечаси соат 3−4 гача гаплашиб ўтиради. Албатта, бу уларнинг менталитетига ҳам мос, деб ўйлайман.

Ўзбеклар жуда ҳам меҳнаткаш халқ. Америкага борса ҳам тинмасдан ишлайди. Грузинлар кўп ҳам меҳнат қилмайди, улар иш вақтидан бўшадими, клубга кириб ичимлигини ичиб, гаплашиб ўтиради. Шунинг учун ҳам ёшларнинг қарашлари бошқачароқ. Биз дабдабани яхши кўрамиз. Уларда эса дабдаба йўқ. Ўзи, умуман, дабдаба фақат Марказий Осиё халқларида бормикин, деб ўйлаб қоламан.

2018 йили Грузияга биринчи марта борганимда, самолётдан тушиб, эркинликни ҳис қилгандим. Мен одамларни кузатишни яхши кўраман. Ҳеч эътибор берганмисиз, Тошкентда, вилоятларда ҳамма инсонлар асаб, агрессия билан юради. Йўлакдан кетаётган одамларга қарасангиз, қанақадир дард билан кетаётган бўлади. Энг қизиғи, ёшларда ҳам шундай. Грузияда бундай нарса йўқ. Тошкентда ойлик даромади 5 млн сўм бўлган ёшроқ инсон Тбилисида 3 млн сўм топадиган инсонга қараганда бахтсизроқ. Чунки бизни доимий етишмовчилик, турли ўй-хаёл эзади. Уларга бу нарса умуман керак эмас. Улар ҳаётдан завқ олиб яшашни хоҳлайди.


Фото: Лазизбек Ҳамидовнинг шахсий архивидан.

Денгизни кўришни исташ эҳтимоли бизда ҳам анча ошяпти. Одамлар ўзларига Туркия ёки Грузияга боришни раво кўришмоқда. Лекин давлат нимадир қилиб бермаяпти. «Агар Ўзбекистон ҳаво йўллари монополияси тугатилса ва Ўзбекистондан Тбилиси ёки Батумига учиш 4 доллар бўлса, тасаввур қилинг, 15 доллар эвазига денгиз кўрадиганлар салмоғи анчагина ошади», деб ижтимоий тармоқларда жуда кўп тортишишади. Ҳамма аэропортларимиз 4 йил олдингига нисбатан анча яхши, ўзгариш бўлган, лекин бу кам. Агар авиақатновлар монополияси тугатилса, 5 йилдан сўнг денгиз кўрган ўзбекистонликлар сони 5 бараварга ошади.

«Қурбон ҳайити куни биз яшаган хонадон эгаси ўзининг асал уяларини кесиб, бизга ҳайитлик қилиб берди»

Адлия вазири маслаҳатчиси, блогер Шаҳноза Соатова 2022 йили Грузияга саёҳат қилди. У «Газета.uz»га 7 кун ичида Грузиянинг 7 шаҳрида бўлгани, саёҳат давомидаги қизиқарли воқеалар ва ушбу мамлакатнинг ўзига хос табиати ҳақида сўзлаб берди.

Сўнгги йилларда, айниқса, пандемиядан кейин Грузияга саёҳат, туризм бизда жуда ҳам фаол тарғиб қилинди, бу мамлакатни сайёҳлик учун яхши манзил сифатида ўзимизга кашф қилдик. Ундан аввалроқ ҳам Грузияда сайёҳлик тизими бор эди. Ижтимоий тармоқлар оммалашгани сари, Грузия уларда ўзини яхши PR қилди. Яъни, визасиз бориш имконияти, умумий ўтмишга эгалик, тил тўсиқларининг йўқлиги (аҳоли рус тилида гаплаша олиши) анча яхши тарғиб қилинди.

Шунингдек, ушбу мамлакатга бориб келган одамларнинг таассуротлари ҳам яхши бўлди. Чунки Грузия халқи кўп жиҳатдан ўзимизга ўхшаган халқ. Уларнинг меҳмондўстлиги, меҳрибонлиги, одамгарчилиги бизга яқин жуда ҳам. Мана шу омиллар ҳам Грузиянинг бизга тезда яқинлашиб, жуда таниш, қадрдон сайёҳлик манзилига айланишига сабаб бўлди.


Фото: Шаҳноза Соатованинг шахсий архивидан.

Саёҳат учун Грузияни танлашда мен, аввало, нархга қарадим. Қизим билан боришим ва икки кишига тўлашим керак эди, шунинг учун энг муҳим омиллардан бири нарх бўлди. Иккинчиси, тўғридан-тўғри Батумига рейс борлиги, денгизга бориб тушишимиз ҳам муҳим бўлди, албатта. Бошқа тарафдан, тўғриси, бундан 5−6 йиллар аввал Facebook`да Грузиянинг чиройли манзаралари акс этган видеоларини кўрган эдим. Ўшанда Грузияга бораман, деб ният қилган эдим. Ундан кейин ҳам бир-икки шу мавзуни оила даврасида эслаганмиз, муҳокама қилганмиз. Шуларнинг ҳам таъсири бўлса керак.

Грузия иқтисоди туризмдан кўп нарса олади. Масалан, бизга ўхшаб уларнинг нефти, гази йўқ. Балки шу сабабдан туризмга жуда фаол эътибор бериб, ўзини туризм мамлакати сифатида тақдим қилишга ҳаракат қилгандир.

Бундан ташқари, Грузия жуда ҳам бетакрор, ўзига хос мамлакат. Ўзининг анъаналарига содиқ қолган, кўрсатишга арзийдиган нарсалари кўп, ранг-баранг давлат. Табиати жуда чиройли, суви кўп. Айниқса, биздек денгизга тўғридан-тўғри чиқа олмайдиган, сув тақчил мамлакатдан борган одамлар учун Грузия бошқача чиройли кўринади. Ёз иссиқ, жазирама, лекин ҳамма тоғлари ям-яшил дарахт билан қопланган. Мен бир вақтда бунча кўп яшилликни умримда кўрмаганман. Сувлари, дарёлари кўп, қишлоқ хўжалиги ҳам ҳар хил. Асосан узум ва ёнғоқ етиштиришса-да, бошқа маҳсулотлар ҳам кўп. Масалан, чорвачилик, жуда яхши ривожланган, яъни кўптармоқли қишлоқ хўжалиги ҳисобланади. Маҳсулотлари жуда ҳам ранг-баранг.


Фото: Шаҳноза Соатованинг шахсий архивидан.

Грузин ошхонасини алоҳида таъкидлаш керак. Жуда ноёб таомлар ва таъмларни ҳис қилишни истасангиз, Грузияга боринг, деган бўлар эдим. Албатта, Ўзбекистондан борган, ўзбек ошхонасида катта бўлган одамни таомлар билан лол қолдириш жуда қийин. Мен Европа давлатларида ҳам бўлганман, у ерларда таомланиш масаласида қийналганмиз. Ҳатто Канадада туриб ҳам танишларимиз «энг қийналадиганимиз таомлар», деб айтишади. Ўзбек миллий таомлари жуда ҳам таъмларга бой ва ранг-баранг. Шунинг учун бизнинг ошхонамиз билан баҳслашадиган ошхонани топиш қийин. Грузияда ҳам шундай ранг-баранглик ва таъмларга бойликни кўрдим.

Биз Ғарбий Грузиядан — Ажариядан бошлаб то Шарқий Грузия — Каҳетиягача бордик. 7 кунда 7 та шаҳарни кўрдик. Ҳар кечада турли хил жойда тунадик. Кейинги кунимиз қаерда ўтиши-ю, навбатдаги тунда қаерда тунашимизни билмасдик. Жуда ҳам экстремал, ўзига хос саёҳат бўлди. Саёҳатимизинг урғуси таомлар, яъни «гастро-тур» эди. Шу жиҳатдан, албатта, Грузияда мақтанса арзийдиган сифатлар кўп экан.

Бундан ташқари, Грузия санъати, архитектураси, ҳайкалтарошлиги мени жуда лол қолдирди. У ердаги ҳайкаллар билан ўзимизникини солиштирдим. Масалан, биз Кутаиси шаҳридан ўтиб кетдик, машинадан тушмадик. Лекин шунинг ўзидаёқ бир қанча ўзига хос ҳайкалтарошлик намуналарини кўрдик. Кутаиси, маълумки, Грузия санъатининг пойтахти. Ёки бўлмаса ўша Батумида Медеяга қўйилган ҳайкал — бор-йўғи афсонага қўйилган ҳайкал, лекин санъат асари! Биздаги ҳайкаллар эса қанақадир ҳаракатсиз, жонсиздек туюлади. Мен фақат Навоий шаҳридаги «Фарҳод» ҳайкалини ёки Тошкентда 1966 йилги зилзилага қўйилган «Жасорат» монументини алоҳида ажратиб кўрсата оламан.

Фото: Шаҳноза Соатованинг шахсий архивидан.

Грузиянинг тунги ҳаёти. Биргина Тбилисида ўтган туним ҳақида айтишим мумкин. Масалан, биз Тбилисида тунги сайрга чиқдик. Чунки кундузи жуда ҳам иссиқ эди. Ҳамма дўконлар ишлаяпти, соат 00:00. Биз бемалол музқаймоқ олиб едик, дўконларга кирдик. Шота Руставели проспектигача чиқдик, катта — Озодлик майдони бор. Биздаги Амир Темур хиёбонига ўхшаб, йўл нурдек ҳар тарафга бурилиб кетган. Қайси кўчага киришни билмай, йўл сўрамоқчи бўлиб турганимизда бир ҳайдовчи келиб аввал инглиз тилида мурожаат қилди, кейин Ўзбекистондан эканлигимизни билиб ўзбек тилида гапирди, мулоқот қилдик. Оддийгина ҳайдовчи, лекин ўша ерда 5 дақиқанинг ичида бизга ўз хизматини таклиф қилиб, шунга кўндирди. «Шу Тбилисини айлантириб чиқаман, тунги Тбилисини кўрасизлар, ўзим суратларга олиб қўяман, энг зўр жойларини кўрсатаман», деди, хуллас қизиқтирди, машинасига ўтирдик. Ростдан ҳам 2 соат давомида бизни шаҳарда айлантирди.

Тбилиси тоғли жой, айниқса, эски шаҳар баландликда жойлашган. Унинг атрофини ҳалқа бўйлаб айланиб чиқсангиз, баландликдан туриб, пастдаги шаҳарни кўрасиз, жуда ҳам чиройли манзара бўлади. Масалан, Тбилисидаги шишали кўприк жуда машҳур, «Она Грузия» ҳайкали ёки бўлмаса эски шаҳар, ҳар битта нарсадан афсона яратишга уста халқ. Ҳайдовчи «Кавказ асираси» фильми мана шу йўлда суратга олинган деб йўл-йўлакай гапириб кетди. У ҳам гид, ҳам фотограф. Соат 3:00 гача шаҳар айландик — ҳаёт қайнаяпти, ҳамма бемалол юрибди. Ҳамроҳлар, гид, ҳаммаси бизга шаҳарда бемалол юриш мумкинлигини, умуман, ҳеч нарса хавф солмаслиги, хавфсизлик таъминланганини айтишди. Якшанбадан ташқари бошқа кунлари пул алмаштириш шохобчалари ишлаб турибди. Якшанба куни, албатта, пул алмаштиришга бироз қийналдик. Чунки банкларида 100 долларга ҳам паспорт сўрар экан ва анча узоқ вақтда — ҳатто 100 долларни ҳам 10−15 дақиқада алмаштирасиз. Кўчада хусусий сарроф (пул алмаштирувчи)лар бор, бемалол бориб, уларнинг дўконларида алмаштиришингиз мумкин. Шаҳарда одамлар, кўнгилочар муассасалар кўп. Бемалол исталган жойингизга бориб овқатланишингиз ҳам мумкин. Соат 2:00 дан кейин ҳаммаси камайишни бошлайди.

Фото: Мадина Нурман.

Бу йил Ўзбекистонни ҳам кездим, Бухорога «Ипак фестивали»га бордим. Фестиваль жуда кеч бошланиб, кеч тугади. Биз соат 1:00 гача ишлайдиган бир жойни топиб овқатландик. Шундан кейин у ҳам ёпилди. Грузия аҳолиси 4 млн атрофида, бизда 35 млндан ошиқ, Тошкентнинг ўзида 4 млн аҳоли яшайди. Балки шу роль ўйнар, яна билмадим нима. Грузияга нисбатан бизда ҳуқуқ-тартибот органлари тартибни таъминлаши осон эмас, деб ўйлайман. Лекин бошқа тарафдан қилса бўлади. Шаҳарда, масалан, туристик шаҳарларимизда тунги ҳаётни ҳам таъминлаш, тонггача ишлайдиган муассасалар, тартиби, қонунийликни таъминлаган ҳолда ишлашига қўйиб бериш керак, менимча. Айниқса, бизда ёзда иқлим жуда ҳам иссиқлиги, кундуз куни юриб бўлмаслиги, Грузиядагидек сувларимиз ҳам, яшиллигимиз ҳам кўп эмаслигини инобатга олсак, бу керак. Бизда ёз ҳам узоқ давом этиши, ҳам тунда шаҳарларнинг бошқача бир жозиба билан кўринишини ҳисобга олган ҳолда, тунги ҳаётни таъминлаш керак деб ўйлайман.

Мен муаммони биздаги менталитетдан кўра кўпроқ ишни ташкил қилишда, деб ўйлайман. Масалан, Тбилисида ресторанга кирдик, бизни таклиф қилишди. У ресторанда ҳар куни бир вақтда грузин миллий қўшиқлари ва рақслари ижро этилар экан. Жуда ҳам чиройли саҳна, жонли мусиқа, эркаклардан таркиб топган грузин хори ва чиройли рақслар… Бизнинг чиройли ва миллий, қолаверса, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос бўлган рақсларимиз бор, шулар ҳар куни ресторанларимизда ижро этилса, албатта, туристларни қизиқтиради. Келин салом, бешик тўйи каби тадбирларимизни ўша ерда кичкина саҳна қилиб кўрсатиш мумкин.

Фото: Шаҳноза Соатованинг шахсий архивидан.

Грузияда келган одамни турист, уларга моддий фаровонлик олиб келган шахс сифатида кўришяпти. У ерда пул топиш учун ҳар хил либосдаги, ҳар хил кўринишдаги одамларга тоқат қилишяпти. Албатта, турист — бу келиб истаганини қилиши мумкин дегани эмас, биз ҳам мамлакатнинг қонунлари, анъаналарини ҳурмат қилиш кераклиги ҳақида огоҳлантирамиз. Худди шундай огоҳлантиришлар билан қанақадир бир ўрта йўлни топиб келишса бўлади. Туристлар бизга пул олиб келишяпти, агар улар қонунни бузмаётган, ёмон нарсани тарғиб қилмаётган бўлса, уларга, албатта, меҳмондўстлик кўрсатиш керак.

Биз дастлаб Батумига бордик. Аввало самолёт иллуминаторидан жуда ҳам чиройли мовий денгиз кўринади. Умримда кўрмаган манзарани кўрдим. Албатта, биринчи тўлқин, биринчи позитивни ҳис қилдим. Мана шу денгизнинг ўзи кайфиятни кўтариб юборди. Қанақадир кинонинг ичига тушгандек бўласиз. Биздек денгиз кўрмаган халқ учун бу бирданига кўтаринкилик беради. Бизни Батуми кўчаларидан олиб юришди. Одамларни кўряпман, ҳаммаси ўзимизга ўхшаган, кўчада автобус кутиб туришибди, онахонлар қўлларида мевалар солинган саватчалар ушлаб олишган. Автобус бекатлари ҳам ўзимизникига ўхшайди, кўчалари торлиги, тошдан ётқизилгани эса бизникига ўхшамайди, бу кўчада машиналар оқимини камайтирган. Лекин айрим кўчаларда юрганимизда ўзимни Чилонзорда юргандай ҳис қилдик, умумий тарафлари кўп эди. Биз турган меҳмонхона шундай чорраҳада жойлашган, менга бурчакдаги хонани беришди. Балкондан бир томонга қарасак ғирт ўзимизнинг Чилонзор, бошқа томонга қарасак Лас Вегасга ўхшайди.

Ҳеч қачон чамоданларимизни ўзимиз кўтармадик. Нечанчи қаватга бўлса ҳам кўтариб, олиб чиқиб беришади. Биз Тбилисидан Батумига тезюрар поездда келадиган бўлдик, поезд 5 соатдан ошиқ юриши керак. Биз буни ўзимизнинг Афросиёбга ўхшаса керак, деб ўйлаганмиз. Уларнинг поездида овқат берилмас экан, у жуда секин юрарди. Унда ҳатто сув ҳам берилмас, йўлга ҳар ким ўзи билан нимадирлар олиши керак экан. Ҳайдовчимиз Кахабер билан қадрдон бўлиб кетдик — кетишимизда ўзини ёнидан нон олиб, бизга бериб юборди, пулини берсак олмади. Энди охирги кун, бизда ларилар (Грузия пул бирлиги) қолмаган, шуни сезиб, ўзимиз танга-чақаларни йиғиб берсак олмади.

Фото: Шаҳноза Соатованинг шахсий архивидан.

Қурбон ҳайити куни биз Мегрелиядаги бир хонадонда тунадик. Эрталаб хонадон эгаси «бугун сизларда ҳайит экан», деб ўзининг асал уяларини кесиб, ҳайитлик қилиб берди. Кетаётганимизда хонадоннинг бекаси Мая опа ҳатто кўзда ёш олди — бир кечада жуда қадрдон бўлиб кетганмиз, жияни Бухорода, синглиси Тошкентда ўқиган экан. Буларнинг ҳаммаси грузинларнинг бағрикенглиги, катта юраги, ҳиссиётларга бойлиги ва уларни бемалол изҳор қилиши, туйғуларининг самимийлигини кўрсатади. Бу бизни жуда ҳам таъсирлантирди, тўлқинлантирди.

5 йилдан сўнг, албатта, денгизни кўрган фуқаролар кўпаяди, лекин барибир денгизни кўрмаганлар жуда ҳам кўп бўлади. Ҳозирги авиачипталаримиз нархлари бизда денгизни кўрмаган фуқаролар кўпчиликни ташкил этишини тақозо этади.

«Ҳозирги Грузия бир нечта МДҲ давлатларидан жуда фарқ қилади, ҳаттоки айримларидан юқори ўринда туради»

UI ва UX бўйича дизайнер Жамшид Холиқулов 2019 ва 2021 йилларда Грузияга саёҳат қилган. У «Газета.uz» билан суҳбатлашар экан, мазкур мамлакатдаги сиёсий ислоҳотлар, шаҳарларидаги тунги ҳаёт ва туризмнинг ривожи ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Грузия сўнгги йилларда туризм бўйича ўзининг позициясини кенгроқ ривожлантиришни бошлади. Шунингдек, Грузия Марказий Осиё давлатларига потенциал туризм оқими сифатида кўпроқ эътибор қаратишни бошлади. Авваллари, Россия, Украина, Туркия, балки бошқа давлатларнинг туризм оқими келади, деб ҳисоблаган бўлса, 2018, 2019, 2020 йиллар ичида Ўзбекистон, Қозоғистон, балки Тожикистон, Туркманистон каби Марказий Осиё давлатларини потенциал туризм оқими сифатида кўрди. Улар билан муносабатини яхшилашга ҳаракат қилди. Грузия билан Ўзбекистон ўртасидаги рейслар олдин кам бўлган, ҳозир эса кўпайди. Ҳафтасига иккита рейс жуда яхши, лекин Ўзбекистон учун бу кам. Кўпроқ қилса ҳам бўлади. Чунки Ўзбекистонда саёҳат қилмоқчи бўлган, Грузияни кўришни хоҳлайдиганлар жуда кўп ва йилдан-йилга ошиб бормоқда. Бундан кўринадики, давлатларимиз орасида алоқалар пайдо бўлишни бошлади.


Фото: Жамшид Холиқуловнинг шахсий архивидан.

Мен Грузияга икки марта 2019 йили пандемиядан олдин ва 2021 йили пандемиядан кейин борганман. Грузияга бўлган илк ташрифимдан олдин хаёлимда иккита тасаввур бўлган: биринчиси — Қора денгизни, иккинчиси — Грузиянинг Батуми шаҳрини кўриш. Булар менинг асосий мотивим бўлган. Грузия деганда шуларни кўз олдимга келтирганман. Бундан ташқари, Тбилиси, Боржоми каби диққатга сазовор жойлар ҳам бор, лекин Грузия деганда биринчи хаёлимга келган ва боришга ундаган нарса Қора денгиз ва Батумини кўриш туйғуси бўлган.

Мен ўтган йили Саакашвили ва у яшаган давр ҳақида ёзилган Лариса Буракованинг «Грузия муваффақиятга қандай эришди?» номли китобини сотиб олдим ва Грузияга учиб кетдим. У ерда юрган вақтимда китобни ўқиб чиқдим. Менинг фикримча, Грузия мустақиллик давридан кейин, яъни СССР парчалангач ёмон ҳолатга келиб қолган. Буни кўрган ёш ва илғор грузинлар она Ватанини ўзгартиришга, мамлакат аҳволини яхшилашга қаттиқ бел боғлашган. Бунда Саакашвили асосий ролни ўйнаган. Саакашвили ҳақиқатдан ҳам жуда катта ислоҳотни амалга оширган. Улар ҳатто ҳозир ҳам грузинларнинг ҳаётида яққол кўринади. Грузияда 2004 йилдан 2008 йилгача Саакашвили амалга оширган ислоҳот орадан 15−16 йил ўтса ҳам инсонлар ҳаётидан ўчгани йўқ, ҳали ҳамон давом этиб келмоқда.


Фото: Жамшид Холиқуловнинг шахсий архивидан.

Сайёҳлар доим арзон ва яхши дам олса бўладиган жойни қидиришади. Грузия сайёҳларнинг талабига тўлақонли жавоб бера олади. Чунки Грузияда нархлар Ўзбекистондагидан ҳам арзон. Менимча, ўзбекистонликлар бошқа давлатларга эмас, кўпроқ Грузияга саёҳат қилаётганлигининг асосий сабабларидан бири ҳам шу. Иккинчидан, Грузиянинг табиати юқори даражада.

Бундан ташқари, СССР даврида ҳам кўплаб Марказий Осиёликлар, ўзбеклар Грузияга бориб, дам олиб келишган. Бу давлатнинг саёҳат қилишга арзигулик Батуми, Боржоми ҳамда кўплаб курорт шаҳарлари бор. Бундан кўринадики, одамлар Грузия ҳақида ўша даврларда ҳам тасаввурга эга бўлишган. Шуни айтиш мумкинки, ҳозирги Грузия бир нечта МДҲ давлатларидан жуда фарқ қилади, ҳаттоки айримларидан юқори ўринда туради. Чунки унинг кўриниши, табиати, шаҳарсозлиги анча ривожланган. Масалан, 2019 йил ва 2021 йилдаги Батумини солиштирадиган бўлсак, борганимда улкан ўзгаришларга гувоҳ бўлдим. Батумини кичкина Дубай дейиш ҳам мумкин. Унинг ҳавоси, табиати, шаҳарнинг кўриниши, шаҳарсозлиги, одамлари умуман бошқа-бошқа дунё. Ўйлашимча, мана шу юқорида санаб ўтилган фактлар бизни Грузияга чорлаяпти ва бориб кўришга ундаяпти.

Ўзбекистондан фарқли равишда Грузия бир нечта йўналишларда ўзининг брендини ҳосил қилган. Улардан бири — вино, Грузия виноси билан машҳур. Шунингдек, Боржоми суви, у ҳам жуда машҳур бренд. Учинчиси — денгиз ҳисобланади. Одамлар Қора денгиз соҳилларини кўришга интилишади. Денгиздан бошлаб, тоғларигача чиройли табиатига эга. Унинг Ўзбекистондан анча кичкина, лекин кўплаб машҳур брендларига эга. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонга қараганда муваффақиятлироқ.

Фото: Жамшид Холиқуловнинг шахсий архивидан.

Бизда қандай брендлар бор? Биринчи навбатда, Ўзбекистонга келишга мажбур қиладиган, бирор бренд, ном ёки маҳсулот сони жуда кам. Тан олиш керак, Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий обидаларга бой шаҳарларимиз мавжуд, аммо туристларни фақатгина тарихий обидалар эмас, бошқа нарсалар ҳам жалб қилади. Ўзбекистон ҳам бир нечта соҳаларда ўзининг брендини яратишга ва ўшанга қараб, инсонлар танийдиган, тан оладиган, сайёҳларни чақирадиган ресурсларни яратишга ҳаракат қилиши керак.

Грузияда тунги ҳаёт жуда зўр. Мен икки марта борганимда ҳам Тбилиси ва Батумининг марказларидаги меҳмонхоналарда қолганман. Шуни гувоҳи бўлдимки, одамлар доим кўчада, деярли ухлашмайди. Қандайдир хурсандчилик қилишади, дўстлар даврасида бўлишади, муҳими улар бир-бири билан доимий алоқада. Коммуникация яхши ривожланган. Ўзбекистондан фарқли равишда кафе, ресторанлар узлуксиз хизмат кўрсатади. Тошкентда соат 23:00 дан кейин бориш учун жойлар деярли қолмайди. Фақат кафе, ресторанлар эмас, бошқа жойларни ҳам назарда тутяпман. Ўртада жуда кўп фарқлар бор.

Фото: Жамшид Холиқуловнинг шахсий архивидан.

Менинг фикримча, Тошкентда, асосан, кўнгилочар жойлар, яхши ресторанлар, кафелар, истироҳат боғлари 24 соатлик иш режимига ўтиши керак. Энди-энди супермаркетлар бу тартибда ишлашни бошлади. Ҳозирда айрим Fast-food`лар кечгача ишлаяпти, холос. Лекин асосий фаолият юритадиган ресторанлар, дам олинадиган жойлар соат 23:00, балки 00:00 дан кейин ёпилади. Ўйлайманки, асосий ҳаёт кечки пайт бошланиши керак, яъни одамлар дам олиши керак. Улар бир-бири билан суҳбатлашиши, гаплашиши, ўйин-кулгу қилиши, бу айнан кечки пайт содир бўлиши керак. Шунда ривожланиш бўлади. Бу нарса четдан келадиган туристлар оқимининг анчагина кўпайишига сабаб бўлади.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонга чет давлатдан, Россия, Белоруссия, Украинадан жуда кўп меҳмонлар келишни бошлади. Уларни асосан ушлаб қоладиган нарсаларни юқорида санаб ўтдик. Одамлар кун давомида ишлаб йўқотган энергиясини тиклаши, қилган меҳнатининг ҳордиғини чиқариши учун дам оладиган, суҳбатлашадиган, фикр алмашадиган жой керак. Демакки, шундай жойларни кўпайтириш ёки иш вақтларини эркинлаштиришимиз керак.

Фото: Жамшид Холиқуловнинг шахсий архивидан.

5 йилдан сўнг, денгизни кўрган ўзбекистонликлар сони ҳозиргига қараганда ортади. Ўзбекистонликлар охирги пайтларда жуда кўп саёҳат қилишяпти, жуда яхши. Демак, бу нимадан далолат беради? Одамлар яхши пул топишяпти, яъни яхши деганда ўзимизга яқин, денгизи бор давлатлар, Туркия, Грузия, Россия ёки Дубайга боришга кучи етяпти. Бу жуда яхши.

«Газета.uz» аввалроқ ушбу материалнинг 1-қисми — фотожурналист Мадина Нурман, PR мутахассис Бобир Абидов ва PR мутахассис Аброр Исмоилов билан уюштирилган суҳбатни эътиборингизга ҳавола қилганди.