Сўнгги йилларда ўзбекистонликлар ўзлари учун саёҳат қилиш мумкин бўлган қулай ва арзон мамлакатлар сифатида асосан уч мамлакат — Грузия, Туркия ҳамда Озарбайжонни танлашмоқда. Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида айни шу уч мамлакатга саёҳат қилган ва қилишни режалаштираётган инсонларни кўп учратиш мумкин.

«Газета.uz» охирги йилларда ўзбекистонликлар орасида Грузияга қизиқиш нега ортиб бораётгани билан қизиқди ва ушбу мамлакатга саёҳат қилган инсонларнинг фикрларини сўради.

«Грузияда давлат жамият фаровонлиги учун нима керак бўлса ҳаммасини қилиб бўлибди»

Журналист Мадина Нурман 2022 йилнинг июнь ойида Грузияга саёҳат қилди. У «Газета.uz» билан суҳбат давомида мамлакат уни нимаси билан ҳайрон қолдиргани, қайси жиҳатлари эътиборга моликлиги ва Ўзбекистон туризм салоҳиятини қандай ошириш лозимлиги ҳақида гапириб берди.

Ўзбекистонликларнинг сўнгги йилларда Грузияга саёҳатга қизиқишига аввало у ерга бориб, туристик шароитни кўрсата олган ўзимизнинг блогер ва журналистлар сабабчи. Кейинги навбатда, албатта, кўп йиллардан Туркияга бориб дам олиб юрганлар ўзи учун янги давлат кашф этишни хоҳлагани бўлса керак.

Фото: Мадина Нурманнинг шахсий архивидан.

Грузия мени колорити, анъана ва рақслари, яъни маданияти, шунингдек курорт шаҳарлари, тоғлари ҳамда ошхонаси билан доим қизиқтирган. Ижтимоий тармоқлардаги рекламаларини кўриб, қизиқишим янада ортди. Болаликда грузин фильмларини томоша қилганимда ҳам бу ерга бориш истаги туғилган эди. Айниқса, «Мимино»дан кейин. Қолаверса, оиламиздаги катталарнинг барчаси ёшлигида бу ерда бўлишган. Шу сабаб боришга қарор қилган эдим ва бордим ҳам.

Грузияда аэропорт остонасидан чиқибоқ бу гўзал ва маданияти ўта бой давлат шаҳарларини айланиб чиқишим учун ажратган 6 куним жуда камлигини ҳис қилдим.

Грузия ўзлигини сақлаб қолган камсонли давлатлардан бири. У замонавийлашиш билан бирга қадимий тарихининг нафаси келиб турувчи бинолари, масканларини бузиб ёки таниб бўлмас даражада ўзгартириб юбормаган. У ерда замонавий дунё ва ёшлар кўрмаган тарих ёнма-ён яшайди. Одамлар Грузияга глобал дунёнинг исталган давлатида топиладиган янги биноларни эмас, айнан тарихининг нафаси, авлоддан-авлодга ўзгармай ўтиб келаётган гастрономик оламини ҳис этиш учун оқиб боради.


Фото: Мадина Нурманнинг шахсий архивидан.

Кейин, Грузияда сайёҳлар учун катта қулайликлар бор. Бу пул айирбошлаш шахобчаларининг оммабоплиги, туристик фирмаларнинг профессионал ишлаши, шаҳарларида полиция вакиллари туристларни безовта қилавермаслиги, бир сўз билан айтганда бутун бошли мамлакат айнан туризм билан нафас олишга интилиши, инфратузилмасининг мослашганлик даражаси.

Грузияда тунги ҳаёт маълум меъёр ва чегараларга эга, ўша чет давлатларидек полиция назоратида, қоидалар билан тартибга солинган, асосийси туристлар манфаати учун маҳаллий аҳолининг тинчини бузмайдиган тарзда бўлиши керак. Масалан, Тбилисида бўлганимизда бродвей кўчасида ҳаёт кечки 18:00 дан тонги 04:00 гача қайнашини айтишди. Ҳар қадамда полиция вакиллари назорат қилиб юрганини кўрдик.


Фото: Мадина Нурманнинг шахсий архивидан.

Грузияда яшаб, одам шаҳар инфратузилмаси айнан одамлар учун мўлжаллаб тузилганини ҳис қилади. Биз борган Тбилисида ҳам, Батумида ҳам ҳар қадамда чиқинди урналари, йўл кўрсаткичлари, электрон хизмат кўрсатиш автоматлари, ногиронлар учун яратилган шароитлар, транспорт тизимининг қулайлиги, умуман бир одамга керакли ҳамма нарса борлигини кўрдик. Атроф-муҳитга бўлган ғамхўрликнинг юқори даражасини ҳис этдик. Бир сўз билан жуда ҳавас қилдик. Давлат жамият фаровонлиги учун нима керак бўлса ҳаммасини қилиб бўлибди, деган хулоса қилдик.

Фото: Мадина Нурманнинг шахсий архивидан.

Ўйлашимча, Ўзбекистон ўзининг туризм салоҳиятини ривожлантириши учун аввало туризм соҳаси мутахассислари бориб, турли мамлакатлардаги инфратузилмани ўрганиб келиши лозим. Ўрганганда ҳам ҳақиқий оддий сайёҳлардек пиёда кезиши, ҳис этиши ҳам керак. Қуруқ ҳисоботлар-у, ваъдалар билан иш битмайди. Соҳа вакиллари хақиқийсига ишлаши керак бўлади. Лозим топишса ўша Туркия, Грузия, Сингапур, Малайзия, яна одамларимиз кўп борадиган давлатлардан ҳеч бўлмаса бир нафардан қимматли кадрларни олиб келиб тажриба ўрганиш керак. Сайёҳлар учун элементар имкониятлар, инфратузилмани яратиш керак. Фақат фестиваль ва тадбирлар билан иш битмайди, булар инфратузилмадан кейинги босқич бўлиши керак аслида.

«Грузинлар мамлакатида кафе-ресторанлари зўрлиги, денгиз бўйида жойлашгани, табиати ажойиблиги сабаб ҳам туризм билан шуғулланишади»

PR мутахассис Бобур Абидов 2021 ва 2022 йиллари Грузиянинг Тбилиси ҳамда Батуми шаҳарларида бўлган. У «Газета.uz» билан суҳбатда ушбу мамлакатнинг туризм салоҳияти, тунги ҳаёти, Ўзбекистоннинг ҳозирдаги ва келажакда туризм бўйича қилиши керак бўлган ишлари ҳақида гапирди.

Ўзбекистонликлар Грузияга саёҳатга боришни танлаши, менимча, мамлакатнинг денгиз бўйида дам олишнинг энг арзон вариантларидан бири эканлигида. Яъни Грузияни Туркиядан ҳам арзонроқ дейишади. Ўзим Туркияда бўлмаганман, Грузияда чиндан ҳам анча арзончилик. Яна бир томони, у ернинг овқатлари, инсонларининг муомаласи ўзбекларникига ўхшайди, ижара, транспорт ҳақлари ҳам анчагина арзон. Асосий сабабларидан бирини шунда деб ўйлайман.

Фото: Бобур Абидовнинг шахсий архивидан.

Грузияга боришимнинг сабабларидан бири, дўстларим у ерга боришган ва тавсия қилишган эди. Оилам билан саёҳат қилганим учун ҳам арзонроқ вариант, маблағимизни етказишни ўйлагандик. Ўзи биз мустақил саёҳат қилишга ўрганганмиз, масалан, меҳмонхоналарда ҳам турмаймиз, турли платформалар орқали ижара уйларини топамиз, ўзимиз маршрутлар тузамиз. Грузияга иккинчи марта борганда ижарага автомобиль олиб, Тбилисидан Батумига автомобилда бордик. Бу ўзимиз учун анча қулай.

Грузиянинг туризм салоҳияти Ўзбекистонникига қараганда анча ривожланганининг сабабларидан бири, у ерда турли хил ер ости бойликлари йўқ. Яъни, газ, уран ва ҳоказо каби бойликлари йўқ. Уларнинг асосий бойлиги табиати, одамлари. Шунинг учун улар ўзларига асосий соҳа сифатида меҳмондўстликни танлаган. Кафе-ресторанлари зўрлиги, денгиз бўйида жойлашгани, табиати ажойиблиги сабаб ҳам туризм билан шуғулланишади. Жуда кўп одам шундан пул топиб, тирикчилигини ўтказишини ҳам кўрдик. Меҳмондўстлик бизнинг ҳам қон-қонимизга сингиб кетган. Аммо биз энди бу соҳани ривожлантиряпмиз. Умид қиламанки, келажакда Ўзбекистон ҳам Грузиядан қолишмайдиган туризм марказига айланади.


Фото: Бобур Абидовнинг шахсий архивидан.

Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини ривож топдириш бўйича тўғри йўлда кетяпмиз, деб ўйлайман. Ҳозир тезлик билан Грузиянинг даражасига чиқишнинг имкони йўқ. Одамлар ҳозир туризм соҳасида ишлаб, сайёҳларга хизмат кўрсатиб, яхши пул топиш мумкинлигини тушуняпти. Бу ердаги таклиф ортиб бораётгани сабабли туристлар ҳам кўпроқ келяпти. Улар ҳам инфратузилма ривожланаётганини, мутахассислар пайдо бўлаётганини тушуняпти.

Грузияда тунги клублар кўп экан. Оиламиз билан кечаси кўп ҳам юрмаганимиз ва қўлимизда ёш фарзандимиз борлиги учун тунги клублар қандай эканлигини айтиб беролмайман. Лекин Тбилисида ҳам, Батумида ҳам шаҳар марказида яшаганимизда кўчаларда қўшиқлар янграяпти, кафеларда мусиқалар овозлари эшитиляпти. У ерда ҳам Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида жойлашган бродвейга ўхшаш жой бор. Шу жойларда мусиқачилар ўз асарларини ижро этиб, ижодларини кўрсатишяпти.


Фото: Бобур Абидовнинг шахсий архивидан.

Бу каби нарсалар бизга ҳам керак. Чунки Ўзбекистон ёшлар мамлакати. Улар ҳам ўйнаб-кулиб, вақтини чоғ ўтказишлари керак деб ўйлайман. Бу биринчи навбатда ўзимиз учун, кейин эса туристлар учун керак деб ўйлайман.

Кузатсангиз Ўзбекистонга асосан кекса туристлар келади. Уларга зиёрат туризми кўпроқ қизиқ. Ёшлар келиши учун эса уларбоп нарсаларни топиш керак. Масалан, Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида ўтказилган «Стихия» фестивалидек тадбирларни кўпроқ ўтказиш керак.

Грузинлар меҳмонларига очиқкўнгиллик билан ёндошади. Яъни уларни борича қабул қилади. Масалан, кимдир диний қарашлар доирасида маълум маҳсулотларни емайди. Улар учун ҳалол овқатлар, маҳсулотлар кўп. Ёки кимдир спиртли ичимлик истеъмол қилса, улар учун ҳам турли таклифлар бор. Бизда ҳам шунга келинади, деб ўйлайман. Тошкентда барча шароитлар яратилган. Туристларнинг мақсадига қараб, турли вилоятларимиз, йирик шаҳарларимиз ва олис қишлоқларимизда ҳам, тоғлардаги чўл зоналарда ҳам шундай шароитлар яратилса яхши бўларди. Албатта, барчаси қонун доирасида бўлиши керак.

Грузияда денгизни кўриш, ҳавони ҳис қилиш ёқимли. Қолган жиҳатлари ўзимизга хос. Мисол учун, Яндекс Такси орқали такси чақирдим, унга Ўзбекистондан олган виза-картам орқали тўлов қилдим. Замонавий инсон учун чегаралар катта аҳамиятга эга эмас.


Фото: Бобур Абидовнинг шахсий архивидан.

Ўтган йили Тбилисига биринчи марта борганимда у ер кўпроқ ёққанди. Ўзининг фаол ҳаёти, одамларнинг темпи билан. Батумида эса ҳаёт бироз бошқача. У ерда одамлар бироз кеч уйғонади, денгиз бўйига бориб спорт билан шуғулланади, ресторанда овқатланади, айланиб юради.

Грузиянинг Ўзбекистондан фарқи қандай? Масалан, бизда эрта тонгда иссиқ нон топа оласиз, дўконлар эртароқ очилади. Нафақат марказ, турли туманларда ҳам. Грузинлар эса савдони кечроқ бошлашар экан. Иқлимида ҳам фарқ бор. Грузияда намлик юқорилиги учун терлаб кетади одам. Овқатлари сал аччиқроқ. Бу нарсага Фарғона водийсидан келганлар кўпроқ мосроқ бўлса керак. Сабаби водийда ҳам аччиқ овқат кўпроқ истеъмол қилишади.

Грузияга борганда бир неча марта ош тайёрладим. Ўша пайтда зирани топишда қийналдим. Уларда зирани майдалаб сотишар экан. Бир рус аёл топишимга ёрдам берди.


Фото: Бобур Абидовнинг шахсий архивидан.

Ҳозир Ўзбекистонда меҳмонхоналар, кафелар кўпаймоқда, хизмат кўрсатиш соҳаси инглиз тили бўйича ривожланяпти. Биз аввалдан бориб юрадиган кафеларда ҳам янгиланишлар кўпаймоқда. Умид қиламанки, 5 йилдан кейин ҳозиргидан анча кўпроқ кафе ва меҳмонхоналар бўлади. Арзон бўлса янада яхши. Шунингдек, ижара уйларини турли платформалар орқали бериш ҳам, такси соҳасида ҳам ўсиш бўлади.

«Медиа соҳасида ишлайдиган инсонларга Грузияга жуда кўп одам кетаётгандек бўлиб туюлади»

PR-мутахассис, Venkon Digital реклама агентлиги асосчиларидан бири Аброр Исмоилов сўнгги йилларда бир неча бор Грузияга ташриф буюргани, ушбу мамлакатда туризм аввалдан ривожлангани, лекин Ўзбекистонда сайёҳлар бориши мумкин бўлган жойлар Грузиядан анча кўп экани ҳақида гапирди.

Сўнгги йилларда Грузияга қизиқиш ортишининг сабабларидан бири бу — PR, яъни кўпчилик блогерлар бориб, бу мамлакатни кўраётганлиги ва арзон эканлигини айтаётганлиги туфайли. Лекин Грузия умуман олганда арзон эмас, тўғри Европа билан солиштирганда арзонроқ, аммо Туркияда ҳам деярли бир хил нарх. Менимча, кўпроқ грузин фуқаролари рус тилини тушуниши, ушбу мамлакатнинг таомлари, маданияти, чиройли жойлари ва денгиз борлиги одамларни жалб қиляпти.


Фото: Аброр Исмоиловнинг шахсий архивидан.

Грузияга биринчи марта борганимизда Ўзбекистоннинг чиройли варианти деб ўйлаган эдик. У ерга борсангиз мамлакат жуда ривожланиб кетмаганини кўришингиз мумкин. Қашшоқлар кўп, ўзининг аравасини зўрға тортиб кетаётган давлат. Лекин у ердаги қонун-қоидаларнинг, давлат органларининг ишлаши, жамиятнинг позициясига ҳавас қилиб борганмиз ва қандай ишлашини кўрганмиз. Худди Ўзбекистонга ўхшаган жой, европача яшаш тарзи, лекин тўлиқ Европа ҳам деб бўлмайди, лекин шу билан бирга Ўзбекистонга ҳам ўхшамайди.

Грузияга кўп одам бораётгани ҳақидаги гап-сўзларга қўшила олмайман. Чунки у ерга жуда кўп одам бормаяпти. Медиа соҳасида ишлайдиган инсонларга Грузияга жуда кўп одам кетаётгандек бўлиб туюлади. Чунки ҳар икки танишимиздан бири «Грузиядаман», дейди, сабаби «Грузия муваффақиятга қандай эришди?» китобининг рекламасидан кейин бошланиб кетган PR-акция медиа соҳасидаги одамларни жалб қиляпти. Туркияга борадиган одамларнинг сони Грузияга борадиган одамларнинг сонидан ўн баробар кўпроқ. Батуми ва Тбилисига ҳафтасига икки мартадан самолёт бор. Туркияга кунига уч ёки тўрт марта самолёт бор ва ҳаммаси тўла, бўш чипта топиш қийин. Анталияга-ку чипта деярли йўқ, нарх қиммат, лекин шунда ҳам одамлар оляпти. Грузияга ҳам нарх шундай, Туркия билан нарх деярли бир хил.


Фото: Аброр Исмоиловнинг шахсий архивидан.

СССР давридан буён Грузияда туризм маданияти ривожланиб келган. Ўзбекистонда ундай эмас, бизда яқинда бошланди. Лекин туристик салоҳият ҳақида гапирганда, Грузия билан солиштирганимда, Ўзбекистон локациялар бўйича анча зўр. Шунчаки, Грузияда об-ҳаво яхши, кўкаламзорлаштирилган, дарахтлар ва сувнинг кўплиги, денгиз борлиги, маданияти ҳам уйғунлашган. Грузиядаги Сухуми жуда катта туристлар борадиган жой, Қора денгизнинг бўйида жойлашган.

Ўзбекистонда тарихий обидалардан ташқари туризм салоҳиятини ривожлантириш учун аввало туризм ҳақиқатан ҳам пул олиб келишини одамлар билиши, тушуниши керак. Иккинчидан, инфратузилма ривожланган бўлиши керак.


Фото: Аброр Исмоиловнинг шахсий архивидан.

Грузияда тунда ҳаёт тўхтамайди. Тбилисида тунги соат икки ёки учларда кўчага чиқсангиз одамлар юрган, бар, ресторанлар очиқ бўлади. Транспорт юради, ҳамма ерда чироқ бор, қишми, ёзми фарқи йўқ. Кўчанинг ўзида грузинларнинг ўзи нимадирлар қилиб юрган бўлади, қўшиқ айтади, ўйнайди. Ва бу нарса кўплаб ёшларни жалб қилади. Сиз соат иккида ҳам, учда ҳам кўчага чиқсангиз ҳамма жой очиқ ва доимий ишлаётган бўлади. Сиз ўзингизни хавфсиз ҳис қиласиз, чунки ҳамма одамлар кундузи қандай юрган бўлса кечқурун ҳам шундай юрган бўлади.

Беш йилдан кейин Ўзбекистонда туризм салоҳияти, ўйлашимча, зўр бўлади. Яхши ишлар қилиняпти, агар шу туризм соҳасида ишлайдиган одамларнинг ўйлаган ниятлари амалга ошса, зўр бўлади. Лекин жамиятнинг ўзи ҳам шу даражага етиши керак. Айтганимдай, ўйлаб топилган чегаралар ўзи йўқ бўлиб кетиши керак. Беш йилдан сўнг денгизни кўрган ўзбекистонликлар сони беш миллионча ёки ҳозиргидан беш баравар ортса керак.

«Газета.uz» тез кунларда ушбу материалнинг 2-қисмини эътиборингизга ҳавола қилади.