Countrymeters лойиҳаси маълумотларига кўра, 15 август куни дунё аҳолисининг сони 8 млрддан ошди. Уларнинг 4,04 млрд нафари эркак, 3,96 млрд нафари аёллардир. Бу билан эркаклар ва аёллар сони ўртасидаги тафовут 1,018 ни ташкил этмоқда.

Қайд этилишича, Ер сайёрасида яшовчи аҳоли сонининг 1 млрд кишига етиши учун 200 минг йилдан кўпроқ вақт кетган. «Ушбу рақам 7 млрдга етиши учун эса 200 йил керак бўлди, холос», — дейилади лойиҳа сайтида.

Икки давлатда 1 млрддан ортиқ аҳоли яшайди: Хитой ва Ҳиндистон. Хитой аҳолиси энг кўп бўлган давлат бўлса-да, тахминан 2023 йилга келиб, Ҳиндистон аҳолиси сони энг кўп мамлакатга айланиши мумкин.

Қуйидаги 20 давлатда эса дунё аҳолисининг 70 фоиздан кўпроғи яшайди — 5,6 млрд.


БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси ҳисоб-китобларига кўра, кейинги йилларда Ер аҳолиси қуйидаги босқичда ўсиб борди:

  • 1 млрд — 1804;
  • 2 млрд — 1927 (123 йилдан кейин);
  • 3 млрд — 1960 (33 йилдан кейин);
  • 4 млрд — 1974 (14 йилдан кейин);
  • 5 млрд — 1987 (13 йилдан кейин);
  • 6 млрд — 1999 йил 12 октябрь (12 йилдан кейин);
  • 7 млрд — 2011 йил 31 октябрь (12 йилдан кейин).

Қайд этилишича, 2022 йилда Ер аҳолисининг ўсиши давом этиб, 8,04 млрдга етади. Табиий ўсиш эса 98,4 млн кишини ташкил қилади.

Дунё аҳолиси сони қитъалар бўйича қуйидагича ҳисобланмоқда:

  • Осиё — 4 млрд 752 млн;
  • Африка — 1 млрд 415 млн;
  • Европа — 751 млн;
  • Шимолий Америка — 604 млн;
  • Жанубий Америка — 440 млн;
  • Океания — 44 млн.

Қуйидаги графикда эса сўнгги 60 йил ичида қитъаларда ўртача умр кўриш давомийлигининг ўзгариши кўрсатилган.

Дунё аҳолисининг ўртача ёши 2018 йилда 30,4 ёшни ташкил қилди. Инсонларнинг ўлимига энг кўп юрак (миокард) ишемияси, инсульт, пастки нафас йўлларининг инфекциялари, сурункали обструктив ўпка касаллиги, ўпка саратони каби касалликлар сабаб қилиб кўрсатилган сайт маълумотларида.

Countrymeters аҳоли сони тўғрисидаги маълумотларни, шу жумладан дунёнинг аксарият мамлакатлари учун аҳоли ҳисоб-китобларини юритувчи лойиҳа ҳисобланади. «Ушбу рақамлар турли хил очиқ статистик маълумотлар базаларига асосланади. Лойиҳа интернетда мавжуд бўлган энг аниқ ва ишончли маълумотларни топишга ҳаракат қилади. Бироқ Countrymeters ўзи фойдаланадиган маълумотларнинг ҳақиқийлигига кафолат бермайди», — дейилади лойиҳа сайтида.

Ўз навбатида, Countrymeters тўғридан-тўғри ёки билвосита ҳеч қандай давлат ташкилоти, БМТ ёки жамоат хайрия, нотижорат ёки хусусий жамғармага тегишли эмаслиги ёки бошқарилмаслиги таъкидланади. Countrymeters БМТ ёки бошқа бирон бир расмий ташкилот билан боғланмагани ёки бирон-бир расмий мақомга эга эмаслиги қайд этилган.