Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ватандошларни хорижий давлатлар ҳудудида кўнгилли батальонлар тузиш ва (ёки) ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан огоҳлантирди, бу ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Шу кунларда «Пермдаги ўлкасидаги ўзбеклар Марказий Осиё жамияти» ташкилоти раҳбари Жаҳонгир Жалолов Ўзбекистонда туғилиб, Россиянинг ушбу ҳудудида яшаётган фуқароларни Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашишга чақириб, «ўзбеклар шу ерда яшаётгани, ишлаётгани, уларнинг фарзандлари эса ўқиётганини оқлашга мажбур» эканликларини таъкидлаганди.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мазкур чақирувларга муносабат билдирар экан, ватандошлардан «бундай даъватларга эргашмаслик, зиддиятли ҳудудларга бормаслик ва ҳарбий ҳаракатларда қатнашмасликни» сўради.

Ўзбекистоннинг РФдаги дипломатик ваколатхонаси ҳам Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси «Ёлланиш»га кўра хорижий давлат ҳудудидаги қуролли можароларда ёки ҳарбий ҳаракатларда қонунга хилоф равишда қатнашиш жиноят ҳисобланишини эслатиб ўтди. Ушбу ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарлик ўн йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.

«Элчихона Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг юқоридаги моддасида назарда тутилган қонунга хилоф ҳаракатларни содир этганлиги тўғрисида холис маълумотлар мавжуд бўлган барча шахслар истисносиз жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини огоҳлантиради.️ Элчихона юртдошларимизни даъватларга берилмаслик ва эҳтиёткор бўлишга чақиради», — дейилади хабарда.