Ижтимоий тармоқларда Россиянинг Пермь шаҳридаги ўзбек диаспораси раҳбари шахсан ўз ватандошларини Украинага урушга жалб қилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

«Ветта» телекомпанияси эълон қилган видеода Жаҳонгир Жалолов исмли шахс ўзбеклар шу ерда яшаётгани, ишлаётгани, уларнинг фарзандлари эса ўқиётганини оқлашга мажбур эканликларини таъкидлаган. Тасвирлардан ушбу йиғилишда 40 дан ортиқ киши борлигини кўриш мумкин.

«Кўнгиллилардан иборат батальон ташкил этиш ҳамда уни „Амир Темур“ номи билан аташни ва Россиянинг Украинадаги махсус операциясини қўллаб-қувватлашни таклиф қиламан», — деди у. Хонада ўтирганлар эса шундан сўнг уни қўллаб-қувватлаган ва қарсаклар чалган.

Мазкур хабарларга Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги муносабат билдирди.

«Шу муносабат билан, Ўзбекистон фуқароларидан бундай даъватларга эргашмаслик, зиддиятли ҳудудларга бормаслик ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликни сўраймиз», — дейилади хабарда.

Агентлик шунингдек, Ўзбекистон ЖКнинг 154−1-моддасида чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланиш 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилганини эслатиб ўтди.