Бугун, 9 август куни Давлат экология қўмитаси ташаббуси билан Тошкент шаҳрида ўтказиладиган экологик рейдга старт берилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Экология, Миллий гвардия, ички ишлар ходимларидан иборат Экопатрул инспекторларига ҳудудларда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар атрофлича тушунтирилди.


Экологик рейдлар жараёнида «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун талабларининг бажарилишини таъминлаш, шунингдек аҳолининг экологик маданиятини янада юксалтириш борасида тарғибот ва ташвиқот ишларининг ҳам олиб борилиши юзасидан зарурий тавсиялар берилди.

Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилишича, рейд олдиндан режалаштирилган бўлиб, унинг давомида «Экопатруллар ҳудудларга бўлиниб, йўналишлар кесимида бутун шаҳар ўрганилиб чиқилади».


Кун давомида қилинадиган ишлар режалаштирилиб, экологик назорат рейд тадбирларини самарали бир тарзда ўтказиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, 6 август куни Тошкентда кўчани кенгайтириш ва «ободонлаштириш» бўйича қабул қилинган навбатдаги қарор натижасида 100 га яқин кўп йиллик дарахтга зарар етказилганди. Бунинг ортидан президент топшириғига асосан Чилонзор тумани ҳокими Шавкат Мавлонов ва прокурори Иззат Бозоров ишдан бўшатилди. Қолаверса, пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва прокурори Улуғбек Қосимовга қаттиқ ҳайфсан берилди.