Шанба куни тошкентликлар пойтахтнинг Чилонзор кўчасида пухта ўйланмаган лойиҳа туфайли қуриб қолиши мумкин бўлган ўнлаб кўп йиллик дарахтларни ҳимоя қилиб чиқишди. Уларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида лойиҳа қайта кўриб чиқилди, шунингдек, юқори мартабали амалдорлар ҳодиса жойига келиб, айбдорларни жазолашга ваъда беришди.

Кечқурун Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан кўчани реконструкция қилиш бўйича янгиланган лойиҳа эълон қилинди, унда йўлаклар сонини олтитадан тўрттагача қисқартириш таклиф этилди. Бироқ лойиҳа бир қатор саволларни туғдиради. «Газета.uz» ҳокимликни шошмаслик, лойиҳага малакали урбанистлар ва транспорт муҳандисларини жалб қилиш (айни пайтда россиялик мутахассислар пойтахтда ишламоқда) ва ниҳоят, уни шаҳарликларнинг ҳақиқий муҳокамасига қўйишга чақиради.

«100 та эмас, 7 та дарахт»

Аввало қайд этиш жоизки, ҳокимлик фаолларнинг қурувчилар 99 та дарахтнинг илдизига зарар етказгани ҳақидаги хабарини рад этади. Ҳокимлик баёнотида айтилишича, «қисман зарар» фақат «7 та дарахтнинг илдиз тизимининг юқори қисмларига» таъсир қилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси мутахассислар томонидан Чилонзор шоҳ кўчасидаги қурилиш ҳудудида мавжуд бўлган 108 та дарахтлар аҳволи ўрганилгани, унда 7 дона «Эман» дарахтининг томир қисми очилиши оқибатида шикаст етказилгани ҳамда дарахтлар хавф остида қолгани аниқланганини маълум қилди. «Мутахассисларнинг маълумотига кўра, ушбу ҳолатда зудлик билан чоралар кўрилмаган тақдирда шикаст етказилган дарахтлар қуриши оқибатида табиат ва атроф муҳитга 348,9 млн. сўм зарар етказилишига олиб келиши мумкинлиги кўрсатилган», — дейилади хабарда. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Чилонзор тумани ҳокимлиги

Чилонзор тумани ҳокимлиги ўрганишлар жараёнида Ботаника институти мутахассислари дарахтларни асраб қолиш учун йўлнинг ҳар иккала томонининг 3,5 метр қисмини гомусли тупроқ билан тўлдириш, дарахтларга чиришнинг олдини олишда ишлатиладиган фитоспорин микробиологик препаратлари ва илдиз ўстирувчи корневин биостимулятори билан ишлов бериш ҳақида тавсияларни берганини маълум қилди.

Фото: Экология қўмитаси.

«Замонавий қиёфа»

Туман ҳокимлигининг аниқлик киритишича, Чилонзор кўчасини замонавий қиёфага келтириш лойиҳасига асосан автомобил йўлларининг 1,4 километр қисмида капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш, йўлни 22 метргача кенгайтириш режалаштирилган. Таъмирланаётган йўлнинг 300 метрида ҳар икки томонида 108 та кўп йиллик дарахтлар мавжуд. Хатлов жараёнида рўйхатга олинган 99 туп эман дарахтининг 7 тасининг илдизига зарар етказилган.

Пойтахт ҳокимлигининг хабар қилишича, Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев томонидан масъулларга лойиҳадаги олти чизиқли автомобиль йўли ўрнига тўрт чизиқли автомобиль йўлини қолдириш, ортиб қолган жойни эса яшил ҳудудга айлантириш топшириғи берилди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги.

Тақдим этилган эскизлардан кўриниб турибдики, лойиҳа ҳар бир йўналишда 3 м кенгликдаги учта йўлакни ва велосипед йўлакчаси билан бирлаштирилган пиёдалар йўлагини, шунингдек, эни 3 м бўлган йўлакни ўз ичига oladi. Қайта кўриб чиқилган лойиҳада автомобиллар учун тўртта йўлакнинг ҳар бирини 3,25 м гача кенгайтириш таклиф қилинган. Шу билан бирга, пиёдалар ва велосипед йўлаклари учун 3 м масофа қолдириш таклиф этилади. Яндекс.Харитадаги панорамали тасвирларга асосланиб, кўча тўрт қаторли қилиб белгиланганига қарамасдан, аслида олти қаторли йўл кенглигида бўлганини кўриш мумкин. Бунда тартибсиз машиналар қўйилгани боис майдондан самарасиз фойдаланиб келинган.

«Газета.uz» велойўлакларни пиёдалар йўлаклари билан бирлаштириш қарори нотўғри бўлганини ёзган эди. Буни амалиёт ҳам тасдиқланган. Велосипед йўлларининг нотўғри ташкил этилиши туфайли улар оммалаша олмади, улардан фойдаланиш ҳам хавфли. Натижада, асосий транспорт воситаси велосипед кўпчилик фуқаролар ҳамон автойўлларнинг қатнов қисмидан фойдаланишда давом эттирмоқда.

Пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати суратларидан кўриниб турибдики, ҳозирги пиёдалар йўлаги бир қаторда беш киши ўтиши мумкин. Агар унинг бир қисми велосипед йўлагига ажратилса, бу жой янада тораяди. Ечим эса йўлакни қуришга ёндашувни ўзгартириш ва велосипед йўлагини ажратиш бўлиши мумкин, аммо бу тегишли мутахассисларнинг иштирокини талаб қилади.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги.

Оқилона кўча дизайни кўчаларни ҳамма учун хавфсизроқ қилиши, зарарли чиқиндиларни камайтириши, юришнинг жозибадорлигини, ҳаракатланувчи одамлар сони ва бизнес даромадини ошириши мумкин, дейилади Global Street Design Guide қўлланмасида.

Кўчалар ҳамма жойда бир хил бўлиши шарт эмас. Ҳар бир сегментда контекстни ҳисобга олиш керак — кўча бўйлаб жойлашган объектлар, пиёдалар оқими, жамоат транспорти йўналишлари ва тўхташ жойлари, кўчанинг ҳамма учун очиқлиги ва, албатта, пиёдалар хавфсизлиги. Асосан автомашиналарга мўлжалланган кўчалар ҳар хил ҳаракат турлари учун мослаштирилган кўчаларга қараганда камроқ юклама кўтариш қобилиятига эга. Ҳокимлик эскизларида жамоат транспортига ҳатто ўрин ҳам ажратиб ўтирилмаган.

Аҳолининг фикрини ҳисобга олишнинг аҳамияти

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бефарқ бўлмаган фуқароларга ўз миннатдорчилигини билдириб, «муассасаларнинг эътиборсизлиги ва масъулиятсизлиги туфайли юзага келган вазият» учун узр сўради. Шаҳар прокурорига ушбу лойиҳада қўйилган хатоликлар учун лойиҳа институтити, қурувчилар, экология бўлими ва, умуман, ушбу лойиҳада қатнашган барча мутасаддиларга чора кўрилиши зарурлигини таъкидлади.

Охирги йилларда ҳокимият кескин танқидларга қулоқ солиб, баъзида қарорларини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлган ҳолатлар кўп бўлди. Агар маъмурият ўз қарорларини аҳоли — шаҳар муҳитининг бевосита фойдаланувчилари билан муҳокама қилишни бошласа, бундай кўнгилсиз ҳолатлардан узоқ туриш мумкин бўларди. Чилонзор кўчаси билан боғлиқ ҳолат бунга ҳали ҳам кеч эмаслигини кўрсатмоқда.

«Фуқаролар шунчаки шаҳар фойдаланувчилари эмас. Улар шаҳарнинг эгаларидир», — деган эди урбанист Аркадий Гершман нашримизга берган интервьюсида. Одамлар шунчаки кузатувчи бўлишни хоҳламайдилар, улар шаҳар ҳаётида иштирок этишни хоҳлашади", — дея таъкидлади у.