Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича олтинчи йиғилишни жорий йил охиригача ўтказиш учун республика ЖСТ Котибиятига ташкилотга аъзо давлатларнинг қўшимча саволларига жавоблар ҳамда сўровларга мувофиқ техник жиҳатдан тартибга солиш, интеллектуал мулк ва бошқа йўналишларга оид янгиланган ҳужжатларни тақдим этиши зарур.

Бу ҳақда Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишида маълум қилинди.

Бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Холжаев идоралараро комиссия аъзоларига «Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини тезлаштириш бўйича қатъий топшириқлар» берди, шу билан бирга, муддатларни кечиктиришга йўл қўйилмаслигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни 2020 йилда қарийб 5 йиллик танаффусдан сўнг қайта тикланган эди. Жорий йилнинг июнь ойи охирида ишчи гуруҳнинг бешинчи йиғилиши бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистон томони ва ЖСТга аъзо давлатлар ўртасида ташкилотга аъзо бўлиш шартлари бўйича музокаралар бошланди.

Ўша пайтдаги бош вазир ўринбосари, ИТСВ раҳбари Сардор Умурзаков ўша йиғилишда пандемиянинг салбий оқибатлари ташкилотга аъзо бўлиш жараёнини қийинлаштирганини таъкидлади. У ЖСТга аъзо мамлакатларни янада мослашувчан бўлишга чақирди ва Ўзбекистон аъзолик жараёнини имкон қадар тезроқ якунлаш ниятида эканлигига ишонтирди.