Президент Шавкат Мирзиёев пайшанба куни давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказмоқда, деб хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

«Бугунги мавзу 30 йилдан бери кейинга сурилиб келаётган масалалар ечимига қаратилган», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

«Гап аҳоли ҳаётини енгил қиладиган, кайфиятига бевосита таъсир кўрсатадиган — давлат хизматини ислоҳ қилиш ҳамда бошқарувда натижадорлик ва сифатни ошириш ҳақида бораяпти», — деди у.

Давлат бошқаруви соҳасида 118 минг киши меҳнат қилмоқда. 40 ёшгача бўлган ходимлар улуши 61 фоизга етди, илгари бу кўрсаткич 37 фоиз бўлган.

Ўзгаришларга қарамай, «ҳали давлат хизмати чинакам халқни рози қиладиган тизимга айлангани йўқ», — деди президент.

Президент қуйидаги мисолни келтирди: ўтган йили Халқ қабулхоналарига вазирлик ва ҳокимликлар ходимларининг билимсизлиги ва масъулиятсизлиги юзасидан 25 мингта, уларнинг мулоқот маданияти етишмаслиги билан боғлиқ 7 мингта шикоят келиб тушган.

Шикоятларнинг аксарияти Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирликлари, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари фаолияти билан боғлиқ.

Қобилиятларни аниқлаш, кадрлар тайёрлаш ва ишни тўғри йўлга қўйишни таъминлайдиган ягона тизим мавжуд бўлмагани учун алоҳида раҳбарлар ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни уддасидан чиқа олмаяпти, деди Шавкат Мирзиёев.

Президентнинг таъкидлашича, билим ва кўникма етарли бўлмагани учун биринчи ярим йилликда 37 нафар туман ва шаҳар ҳокими алмаштирилган.