Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Ченнай (Ҳиндистон) шаҳрида ўтказилаётган 44-шахмат олимпиадасининг олтинчи турида Ҳиндистон жамоаси билан дуранг ўйнади. 3 август куни бўлиб ўтган учрашув 2:2 ҳисобида якунланди.

Ҳиндистон термасининг ўртача рейтинги (2690) Ўзбекистонникидан (2622) юқорироқ эди.

17 ёшли гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов (2688) Пентала Харикришнага (2720) оқ доналарда ютқазиб қўйди. Бу ўзбекистонлик шахматчининг турнирдаги илк мағлубияти бўлди.

20 ёшли Нодирбек Якуббаев (2620) 27 ёшли Видит Гужрати (2714) билан, 16 ёшли Жавоҳир Синдаров (2629) 18 ёшли Аржун Эригайси (2689) билан дуранг ўйнади.

20 ёшли Шамсиддин Воҳидов (2552) 41 ёшли Кришнан Сашикиранни (2638) мағлубиятга учратди.

Фото: chess-results.com.

Олтинчи тур якунларига кўра, 10 очко жамғарган Ўзбекистон термаси 188 та жамоа иштирок этаётган турнир жадвалида тўртинчи ўринда бормоқда. Кейинги турда шахматчилар 10 очко (5 ғалаба, 1 мағлубият) билан 13-ўринни эгаллаб турган перулик шахматчилар билан дона суришади. Перу жамоаси аъзолари бунгача Баҳрайн (4:0), Зимбабве (3:1), Венесуела (2,5:1,5), Андорра (2,5:1,5), Хорватия (2,5:1,5) термаларини мағлуб этиб, Гватемалага (1,5:2,5) имкониятни бой берганди.

Ўзбекистон аёллар терма жамоаси эса (1959) шотландиялик (1736) қизлардан йирик — 4:0 ҳисобда устун келди. Умида Омонова, Мафтуна Бобомуродова, Афруза Ҳамдамова ва Маржона Маликовалар рақибларини қийинчиликсиз мағлуб этишди.

Аёллар термаси 164 та жамоа ичида 8 очко жамғарган ҳолда 37-ўринда бормоқда. Улар кейинги турда 35-ўринда бораётган сербиялик қизлар билан баҳслашади.