1 август куни Япония ҳукумати иқтисодий ва ижтимоий ривожланишга беғараз ёрдам кўрсатиш дастури доирасида Ўзбекистонга компьютер томографияси учун учта сканер ва илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган кўчма тиббий-диагностика контейнерини топширди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берди.

Ускуналарни топшириш маросимида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев, Япония элчиси Ёшинори Фужияма, мамлакатда расмий ташриф билан бўлиб турган Япония парламенти Вакиллар палатаси аъзоси Кейдзи Фуруя ва бошқалар иштирок этди.

Ўзбекистон ва Япония 2020 йил июнь ойида дунё янги коронавирус инфекцияси инқирозига дуч келган бир пайтда 500 млн иен (тахминан 4,6 млн доллар)лик бепул ёрдам кўрсатиш бўйича алмашув ноталарини имзолаганди. Лойиҳадан кўзланган мақсад — юқумли касалликлар тарқалишига қарши курашиш, мамлакатда соғлиқни сақлаш ва тиббиёт тизимини мустаҳкамлашдан иборат.

SANSEI мобил тиббий контейнери энг илғор тиббий муолажаларни амалга ошириш имконини берувчи ускуналар билан жиҳозланган. Хусусан, булар компьютер томографияси, ультратовушли диагностика асбоблари ва рентген аппаратидир, дея маълум қилди ССВ матбуот хизмати.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига (РШТЁИМ) топширилган контейнер чекка ҳудудлар аҳолисига тиббий ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган бўлиб, оператив жойлаштириш имконияти туфайли ундан табиий офатлар вақтида ҳам фойдаланиш мумкин.

Уч дона Aquilion Prime SP 160 KT компьютер томографияси сканери РШТЁИМ, Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Бухоро давлат тиббиёт институти клиникасига топширилди.

Мазкур ойиҳа доирасида мамлакат Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) орқали Ўзбекистонга коронавирусга қарши дори-дармонлар ва мамлакат тиббиёт муассасалари учун юқори технологияли рентген аппаратларини етказиб берганди.