29 июль куни президент Шавкат Мирзиёев «Чирчиқ шаҳрида қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластерини ташкил этишни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [ПҚ-335-сон] қарорни имзолади.

Ҳужжатга кўра, Молия вазирлиги икки ҳафта муддатда 2022 йилда қишлоқ хўжалиги техникаларини кредит ёки лизинг шартлари асосида харид қилиш учун тижорат банкларига 10 йил муддатга 7 фоиз ставкада 100 млн АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги миллий валютадаги маблағларни депозитга жойлаштиради.

Шу ўринда тижорат банклари Молия вазирлиги томонидан жойлаштириладиган ресурслар ҳисобидан қишлоқ хўжалиги техникалари харидорларига кредитларни (лизингни) 2 йил имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда 10 йилгача бўлган муддатга 10 фоиз ставкада миллий валютада тақдим этади.

Бундан ташқари, ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахс томонидан исталган хўжалик субъектларидан ҳеч қандай чекловларсиз, рақобат асосида қишлоқ хўжалиги техникасини харид қилиш имконияти яратилади.

«Ўзавтосаноат» АЖга жорий йил 1 сентябрга қадар республикада фаолият юритаётган «CLAAS», «John Deere», «Case» компаниялари билан ҳамкорликда кооперация асосида ҳудудларда 14 та замонавий сервис марказлари ва 100 та мобиль бригадаларни ташкил қилиш ҳамда зарур асбоб-ускуна, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар билан таъминлаш вазифаси юклатилди. Бу «Samarqand Avtomobil zavodi» МЧЖ, «UzautoTrailer» МЧЖ, «Uz Truck and Bus Motors» МЧЖ каби маҳаллий автомобилсозлик корхоналарининг дилерлик марказлари билан амалга оширилади.

Бунда, маҳаллий қишлоқ хўжалиги техникаси ва автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчиларининг биринчи навбатдаги вазифаси техник ва таъмирлаш хизматларини кўрсатиш марказларини ташкил қилиш ҳисобланади. Улар сотилаётган автотранспорт воситалари ва қишлоқ хўжалиги техникасига кафолат муддатида, кафолат муддатидан кейинги хизмат кўрсатиш, ички бозорни ускуналар, ихтисослаштирилган инструментлар, жиҳозлар билан таъминлаш ҳамда сотиш учун эҳтиёт қисмларни етказиб беришни ўз ичига олган зарур даражада сотувдан кейинги хизмат кўрсатишни таъминлайди.

1 сентябрга қадар қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланувчиларнинг малакасини ошириш мақсадида дилерлик марказлари негизида 14 та малака ошириш марказларини ташкил қилиш режалаштирилмоқда.

1 сентябрдан бошлаб осма ва тиркама техникаларни йиғув усулида ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

2023−2024 йилларда кластердаги мавжуд ишлаб чиқариш ускуналарини босқичма-босқич модернизация қилиш кўзда тутилган. Кластер қувватларида чорвачилик, боғдорчилик ва сабзавотчилик соҳаларида талаб юқори бўлган янги осма ва тиркама техникаларни ишлаб чиқариш ташкил этилади.

15 декабрга қадар «ягона дарча» тамойили асосида қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиш, харидни молиялаштириш, субсидиялардан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги техникаларини давлат рўйхатидан ўтказиш, сервис хизматларидан фойдаланиш ҳамда эҳтиёт қисмларни харид қилиш имкониятини берувчи рақамлаштирилган ягона ахборот порталини ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Унда «ягона ойна» тамойили асосида асбоб-ускуналар сотиб олиш, кредитларни рўйхатга олиш ва унга лизинг бериш, рўйхатдан ўтказиш, техник хизмат кўрсатиш ва эҳтиёт қисмларни сотиб олиш мумкин бўлади.

«Газета.uz» ноябрь ойида Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи, Агрегат заводи, Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи, «Технолог», «Технолог-Стан», «Агросаноатмашинвест» ва бошқалар Чирчиққа қишлоқ хўжалиги техникаси кластери ҳамда Тошкент трактор заводи корхонасини ташкил этиш учун кўчирилиши ҳақида ёзганди. Лойиҳа қиймати 500 млрд сўмлик ва йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 15 минг дона ускунани ташкил этувчи кластер 2023 йилнинг январь ойида ишга туширилиши лозим.

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов ҳукуматдан имтиёзли ва директив кредитлар ҳажмини камайтиришни сўраганди. МБ имтиёзли кредитлаш амалиётининг макроиқтисодий самарадорлиги пастлиги ва ушбу амалиёт самарали пул-кредит сиёсати учун жиддий муаммолардан бири эканлигини қайд этганди. МБ раиси илгари имтиёзли кредитлар маълум бир ставкада белгилангани, ҳозир эса 14 фоиздан паст белгиланмаётганини таъкидлаганди.

Шунингдек, бош вазир ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров кредитлар талон-торож қилинишига кадрлар алмашинуви билан барҳам бериб бўлмаслигини таъкидлаганди. Унинг сўзларига кўра, бунинг учун имтиёзли кредитларни йўқ қилиш керак.