Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин Қозоғистон ўзининг ташқи сиёсатидаги Россиянинг имтиёзли позициясини қайта кўриб чиқишга қарор қилди ҳамда ўзига АҚШ, Туркия ва Хитой тимолида иттифоқчилар қидира бошлади. Бу ҳақда Американинг The Wall Street Journal газетаси Қозоғистоннинг амалдаги ҳамда собиқ амалдорлари, қонуншунослар ва таҳлилчилар сўзларига асосланиб хабар берди.

Йил бошида Россия Федерацияси ҳукуматга қарши шафқатсиз тартибсизликларни бостириш учун Қозоғистонга 2000 дан ортиқ аскар жўнатди. Олти ҳафта ўтгач, рус қўшинлари Украинага бостириб кирганида, Қозоғистон «босқинни қўллаб-қувватлаш орқали яхшиликларини қайтариш имкониятига эга бўлди», аммо бундай қилмади.

Бунинг ўрнига Қозоғистон босқинга нисбатан бетараф қолган бошқа Марказий Осиё давлатларининг позициясига қўшилди. Қолаверса, Қозоғистон Ғарбнинг Москвага қарши санкцияларига риоя қилишга ваъда берди, Россияни четлаб ўтувчи йўналишлар бўйича Европага нефть экспортини кўпайтиришга тайёрлигини маълум қилди, мудофаа бюджетини оширди ва Марказий Осиёнинг ушбу давлатини Вашингтон орбитасига яқинлашишга кўндириш мақсадида АҚШ делегациясини қабул қилди, деб ёзади WSJ.

Қозоғистоннинг позицияси Россиядаги баъзи шахслар, хусусан, россиялик телебошловчи Тигран Кеосаянни (Маргарита Симоньяннинг эри) ғазаблантирди, у Қозоғистоннинг «нодўстона хатти-ҳаракатлари» ҳақида гапирди.

«Қозоқлар, биродарлар, бу қандай ношукурлик… Украинага диққат билан қаранг, жиддий ўйлаб кўринг. Ўйлайманки, бизнинг масъулларимиз ҳам муносабатлар даражасини қайта баҳолашлари, қайта кўриб чиқишлари керак. Чунки, азизларим, агар сиз шу қадар „ақлли“ („хитро*опа“ жаргони ишлатилган — тарж.) бўлишда давом эта оламан деб ўйласангиз, ҳеч нарсага эриша олмайсиз, адашасиз», — деди у.

The Wall Street Journal нашрининг қайд этишича, қозоғистонликлар бундай гап-сўзларга анчадан бери ўрганиб қолган. Аҳолининг қарийб 20 фоизини этник руслар ташкил қилади ва рус миллатчилари узоқ вақтдан бери Шимолий Қозоғистонни Россия ерлари деб таъкидлаб келади. 2014 йилда Россия Қримни Украинадан ажратгач, президент Владимир Путин Қозоғистонда Совет Иттифоқи парчаланишидан олдин давлатчилик тарихи йўқлигини айтди.

Босқиндан сўнг, риторика жиддий қабул қилина бошлади, айниқса Қозоғистон Россия билан чегарадош ягона Марказий Осиё давлатидир. Марказий Осиё давлатларининг ҳеч бири босқинни қўллаб-қувватламади ва Ўзбекистон ўзини ўзи эълон қилган Донбасс республикаларини тан олмаслигини очиқ эълон қилди.

Дональд Лу ва Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди. Фото: gov.kz.

Қозоғистоннинг Москвадан қисман ажралиши АҚШга сўнгги йилларда чекинган минтақада ўз таъсирини тиклашга ҳаракат қилиш имкониятини берди. Президент Жо Байденнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бош дипломати Узра Зея мамлакатга ташриф буюрган апрель ойидан бери АҚШ ҳукумати расмийлари минтақага бир неча бор келди. Май ойи охирида АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Дональд Лу Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонга сафар қилди. Июнь ойида эса АҚШ Марказий қўмондонлигининг янги тайинланган раҳбари, армия генерали Эрик Курилла худди шу давлатларда бўлди.

Ғарб санкциялар киритганидан сўнг Қозоғистоннинг Европа билан Россия орқали ўтадиган анъанавий савдо йўли бутунлай тўхтаб қолди, суғурта компаниялари ва импорт қилувчилар эса бу мамлакат орқали ўтадиган юклардан эҳтиёт бўлишди. Натижада Қозоғистон расмийлари ўз савдоларини диверсификация қилиш устида ишлай бошладилар (Жаҳон банки Қозоғистон иқтисодиёти жорий йилда ўртача 4,1 фоизга қисқаришини тахмин қилмоқда).

Босқиндан бир неча ҳафта ўтгач, Қозоғистон расмийлари делегацияси Каспий денгизи соҳилидаги Туркия билан чегарадош Собиқ иттифоқ давлатларидан Озарбайжон ва Грузияга бориб, Хитойдан Европага Марказий Осиё, Кафказ минтақаси ва Туркия орқали ўтувчи савдо йўли — Ўрта коридорни қайта тиклаш бўйича музокаралар олиб боришди.

Ўтмишдагисавдо йўли на Марказий Осиё давлатлари, на Хитой ва на Туркия томонидан жиддий ўрганилган, бунга қисман «ҳукуматлар Россияни ғазаблантирмоқчи бўлмагани» сабаб бўлган, деди Туркиянинг Осиё-Тинч океани бўйича тадқиқотлар маркази директор, Туркия ташқи ишлар вазирининг собиқ маслаҳатчиси ҳамда ҳозирда Хитойдаги университетда дарс бераётган Селчук Чўлакоғлу. Босқин минтақадаги давлатларни, жумладан Хитой ва Туркияни Россиянинг ҳукмронлигига қарши чиқишга ундади, деди у.

Январь-апрель ойларида контейнер ташувлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан уч баравар ошди, деди Қозоғистон Саноат ва савдо вазирлигининг Транспорт сиёсати ва инфратузилмаси департаменти директори ўринбосари Зейнолла Ахметжанов.

WSJ маълумотларига кўра, Қозоғистон учун савдони диверсификация қилиш омон қолиш масаласидир. Сўнгги бир неча ой ичида Россия Қозоғистон нефти экспортининг қарийб 80 фоизини ташийдиган Каспий қувурини икки марта тўхтатди, Қозоғистон эса юкнинг бир қисмини Каспий денгизидаги Актау ва Курик портлари орқали ўтказди.

Март ойи охирида Россия учта терминалдан иккитасини бўрон туфайли бир неча ҳафтага таъмирлаш учун ёпди. Улар Қозоғистон Энергетика вазири ва унинг делегацияси музокаралар учун Москвага кетганидан бир неча кун ўтиб қайта очилди.

Июль ойи бошида Россия суди гўёки экологик қоидабузарлик туфайли газ қувурини 30 кунга тўхтатиб туришга қарор қилган эди. Бир неча кундан кейин суд ўз қарорини бекор қилди, аммо Қозоғистон аллақачон муносабат билдирганди. 7 июль куни президент Қосим-Жомарт Токаев нефть компанияларига янги юк ташиш йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатма берди.

Америка газетаси таъкидлаганидек, кўп йиллар давомида Қозоғистонда Россия ва Хитой ўртасида сўзсиз «меҳнат тақсимоти» мавжуд эди: Москва хавфсизликка қараган, Пекин эса иқтисодий ривожланиш билан шуғулланган. Аммо Украинада уруш бошланиши билан вазият ўзгара бошлади. Апрель ойи охирида Хитой миллий мудофаа вазири Вей Фенхе Қозоғистонга ташриф буюрди ва у ерда президент Қосим-Жомарт Токаев билан учрашди. Учрашувда томонлар ҳарбий ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олдилар.

Вэй Фэнхэ ва Қосим-Жомарт Токаев. Фото: akorda.kz.

Қозоғистон НАТО аъзоси бўлган Туркия билан ҳам яқинроқ алоқа ўрнатишга интилади. Май ойи бошида Токаев Анқарага ташриф буюрди ва у ерда расмийлар Қозоғистонда ҳарбий дронларни биргаликда ишлаб чиқариш бўйича келишув имзолади.

Апрель ойида Қозоғистон мудофаа бюджетини 441 млрд тенгега (тахминан 918 млн доллар) оширди. Исмини ошкор этмаган юқори лавозимли амалдорнинг нашрга айтишича, пулнинг бир қисми мамлакат ҳарбий захираларини оширишга йўналтирилади. Суҳбатдошга кўра, Қозоғистон ҳам Украинанинг кескин қаршилигидан сабоқ олди, яъни армияни гибрид урушда мобилроқ ва қобилиятли бўлиши учун ислоҳ қилиши керак, бунда оддий урушдан ташқари, киберҳужумлар каби усуллар ҳам қўлланилади, дезинформациядан фойдаланилади, сайловларга аралашади.

The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, Ғарбда баъзилар Россия армияси «қоғоз йўлбарс» (жуда кучли ва хавфли кўринадиган, лекин аслида заиф ва зарарсиз бўлган душман ёки хорижий давлат) сифатида фош қилинган деб ҳисобласа-да, бир Марказий Осиё расмийси Россия амбицияларидан қўрқиш кучайиб бораётганини айтди.

«Улар кўплаб бошқа [мамлакатлар] билан иш олиб боришса ҳамда уларда жабр-зулмга вақтларини ўтказиш учун Шарқий Европа ва Украина бўлса бошқа гап. Тасаввур қилинг, агар улар учун Украина бўлмаса. Биз кейинги бўламизми?» — деди суҳбатдош.

Фото: AkordaPress / Facebook.

17 июнь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев Россия президенти Владимир Путин иштирокида Санкт-Петербург иқтисодий форумида сўзлаган нутқида ўзини ўзи эълон қилган ДНР ва ЛПР квазидавлат ҳудудлари деб атаган ва Қозоғистон уларни тан олмаслигини маълум қилган.

Бундан ташқари, Қозоғистон Ғарбнинг айрим санкцияларини қўллаб-қувватлашни режалаштирган: июль ойи бошида Қозоғистон Молия вазирлиги санкция рўйхатига киритилган товарларни Россия ва Беларусга етказиб беришни тақиқловчи буйруқ лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди. 6 июль куни Россия Федерацияси президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков буни изоҳлар экан, ҳозирча ҳеч қандай қарор йўқлигини ва «ҳукуматларимиз доимий алоқада» эканини айтди. Бу ҳужжат ҳозирда олиб ташланган.