Украина, Туркия ва Россия БМТ бош котиби Антониу Гутерриш кўмагида 22 июль куни Истанбулда ғалла, тегишли озиқ-овқат маҳсулотлари ва ўғитлар экспорти учун хавфсиз юк ташишни ривожлантиришга келишиб олди, деб хабар берди «Интерфакс-Украина».

Ташиш «Одесса», «Черноморск» ва «Южний» денгиз портларидан 120 кун ичида ушбу муддатни узайтириш имконияти билан амалга оширилади.

Украина инфратузилма вазири Александр Кубраков Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон иштирокида Туркия мудофаа вазири Ҳулуси Акар ва БМТ бош котиби билан уч томонлама ҳужжатни имзолади, худди шундай уч томонлама ҳужжат Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу билан ҳам имзоланди.

Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подолякнинг сўзларига кўра, келишувда Россия кемалари томонидан транспорт эскорти (кузатиб борувчи ҳарбий соқчилик — тарж.) бўлмаслиги ҳамда Украина портларида Россия вакилларининг бўлиши кўрсатилган.

РИА Новости хабарига кўра, келишув Украина ҳудудий сувларида миналардан тозалаш ишлари амалга оширилмаслигини назарда тутади, чунки бу жуда узоқ давом этади. Донли кемалар Қора денгиздан келишилган хавфсиз йўлак бўйлаб чиқиб кетади, уларни Украина учувчилари кузатиб боради.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Anadolu маълумотларига кўра, яқин кунларда Қора денгизда денгиз орқали юк ташиш қайта йўлга қўйилади. «Ушбу жуда муҳим режани амалга ошириш ва мониторинг қилиш Истанбулдаги қўшма мувофиқлаштириш маркази орқали амалга оширилади», — деди Туркия раҳбари.

Украина Инфратузилма вазирлиги маълумотларига кўра, Украина, Туркия, Россия ва БМТ вакиллари иштирокидаги қўшма мувофиқлаштириш маркази келишувларнинг бажарилишини умумий назорат қилиш ва мувофиқлаштириш, денгизга кетаётган кемаларни рўйхатга олиш учун жавобгар бўлади. Украина портларини блокдан чиқариш, транзит жадвалларини ва портларга кирувчи кемаларни тасдиқлаш.

Шунингдек, барча томонлар иштирокида Украина портларига келаётган ёки кетаётган кемаларда рухсат этилмаган юклар ва ходимлар бор-йўқлигини текширадиган махсус текширув гуруҳлари тузилмоқда. Бундай гуруҳлар Босфор бўғози ҳудудидаги бандаргоҳларда ишлайди, бу эса аввалроқ Туркия томони томонидан белгиланади.

«Мутахассисларнинг фикрича, Украина донини экспорт қилиш имконияти озиқ-овқат маҳсулотларининг жаҳон нархларини пасайтиради, бу эса бутун дунё учун муаммога айланган инфляциянинг секинлашишига олиб келади», — дея изоҳ берди Украина инфратузилма вазири Александр Кубраков.

«Бугун Украина, Россия Федерацияси ва Туркия ўртасида БМТ шафелигида имзоланган келишув Украинадан озиқ-овқат маҳсулотларини Қора денгиз орқали экспорт қилишга йўл очади. Бу бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамлар учун озиқ-овқат танқислиги билан боғлиқ фалокатнинг олдини олишга ёрдам беради. Бу умид ва енгиллик маёғидир», — деди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш.

Эслатиб ўтамиз, май ойида Антониу Гутерриш Россияга Украина портларини тўсиб қўймаслигини, мамлакат донни денгиз орқали экспорт қила олишини сўраб мурожаат қилган эди. Украина аграрларининг фикрига кўра, урушдан олдинги даврда экспортнинг 90 фоизи ҳар ойда 5 млн тоннага яқин дон жўнатиш билан ушбу портлар орқали ўтган.

Март ойида озиқ-овқат маҳсулотларининг жаҳон нархлари тарихий энг юқори даражага етди, йил давомида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари (ёрма, ўсимлик ёғи, шакар, гўшт, сут) нархи учдан бирга ошди. Май ойида Украинадаги уруш дунёда озиқ-овқат инқирозига олиб келгани маълум қилинди. Айниқса, Жанубий Осиё мамлакатлари, шунингдек, кучли қурғоқчилик ва очарчилик кучайиб бораётган Африка Фил бурни, қуролли тўқнашувлар давом этаётган мамлакатлар — Эфиопия ва Афғонистонда вазият жуда оғир.