Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2022 йилнинг январ-июнь ойларида чет эл давлатларидан пул ўтказмалари миқдори кескин ошди.

6 ой давомида мамлакатга 6,53 млрд доллар пул ўтказмаси келиб тушди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,2 млрд долларга (+96%) кўп дегани.

Биргина июнь ойининг ўзида жисмоний шахслар Ўзбекистонга рекорд даражада кўп — 2,34 млрд доллар (аввалги рекордлар апрелда — $1,07 млрд ва майда — $1,65 млрд қайд этилганди) миқдордаги маблағни юборди. Шу билан бирга, мазкур кўрсаткич 2021 йилнинг май ойида 3,25 мартага камроқ — 720 минг доллар атрофида бўлганди.

Қолаверса, валюта айирбошлаш операциялари ҳам кескин кўтарилди. Январь-июнь ойларида банклар аҳолидан 5,66 млрд доллар сотиб олди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,33 млрд долларга (70%) кўпроқ. Биргина июнь ойининг ўзида харид миқдори 1,34 млрдни ташкил қилди.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг сўзларига кўра, динамика ва суръатлардан ҳам билса бўладики, бу кўрсаткичлар меҳнат мигрантлари ва умуман ташқи трансфертлар характеристикаси билан боғлиқ эмас.

«Статистикамиз (Давлат статистика қўмитаси — таҳр.) эртага бу кўрсаткичларни жами даромадларда ҳисобга қўшса, хатолик бўлади. Ўзбекистонлик мигрантлар сони 3 баробарга ошгани йўқ, ўзбекистонлик мигрантларнинг даромадлари йил давомида 3 бароварига кўпайиб қолгани йўқ», — дея тушунтирди у.

Унинг фикрича, юзага келган вазият пул ўтказмаларини ғирт спекулятив ва диверсия мақсадларида ишлатишга имконият бермоқда.

«Афсуски, бунга ҳеч қандай қаршилик кўрсатилаётгани йўқ, тўсиқ қўйилаётгани йўқ. Нақд валюта етишмовчилиги ҳам, нақд сўм етишмовчилиги ҳам бу оқибатлардир. Юборилган пул ўтказмаларининг ярмидан кўпини тижорат банклари сотиб олишга (хусусан МБнинг мадад пуллари ҳисобига) мажбур бўлишмоқда ва бу билан муомаладаги пул массасини иқтисодий моҳиятдан ташқарида кенгайтиришга ҳисса қўшишмоқда», — дея таъкидлади Отабек Бакиров.

Июл ойи бошида хорижий валюта тақчиллиги ҳақидаги хабарларга жавобан ўзбек банклари уларнинг айирбошлаш шохобчалари етарли миқдорда нақд пул билан таъминлангани, пул ўтказмалари барқарор амалга оширилганини маълум қилганди.

Март ойида Жаҳон банки экспертлари 2022 йилда Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ҳажми 2022 йилда 21% га қисқариши кутилаётганини прогноз қилганди. Май ойида Жаҳон банки ҳам пул ўтказмаларининг кескин камайиши кутилаётганини қайд этганди.