2022 йил январь-май ойларида Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари кириб келиши ҳажми кескин ошди,. Бу Марказий банк маълумотларида қайд этилган.

Январь-май ойларида Ўзбекистонга 4,19 млрд доллар миқдорида халқаро трансчегаравий ўтказмалари келиб тушди. Бу кўрсаткич 2021 йилнинг (2,61 млрд доллар) шу даврига нисбатан 1,58 млрд долларга ёки 61 фоизга кўпроқ. Ўз навбатида, Марказий банк томонидан Ўзбекистондан четга юборилган пул ўтказмалари ҳажми ҳақида маълумот берилмаган.

Шунга қарамасдан, биргина май ойида жисмоний шахслар Ўзбекистонга рекорд даражада 1,65 млрд доллар жўнатган (аввалги рекорд апрелда қайд этилганди — 1,07 млрд доллар), 2021 йилнинг май ойида бу кўрсаткич деярли 2,7 баравар кам эди — 620 млн доллар атрофида.

Валюта айирбошлаш амалиётларининг кўрсаткичлари ҳам кескин ошди. Январь-май ойларида тижорат банклари жисмоний шахслардан 4,32 млрд доллар ҳажмида хорижий валюта сотиб олди. Бу 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 59%га кўпроқни ташкил этди. Ушбу даврда аҳолининг банклардан хорижий валюта хариди сезиларли даражада ошди.

Шу билан бирга, январь-май ойларида Ўзбекитон аҳолиси 2,84 млрд доллар миқдорида хорижий валюта харид қилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,17 млрд долларга ёки 70%га кўп ҳисобланади.

Аввалроқ, «Газета.uz» пул ўтказмаларининг кескин ошиши Россия ва Қозоғистонда ишлаётган қирғиз ва тожик муҳожирлари таҳминан Ўзбекистонга пул ўтказмаларини жўнатаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳақида ёганди. Эҳтимол, бу қўшни мамлакатларда долларлардаги пул ўтказмаларининг чекланиши, шунингдек рублдаги янада қулай курс фарқи билан боғлиқ.

Бухорода бўлиб ўтган Камбағалликни қисқартириш бўйича халқаро форуми доирасида бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов «Газета.uz»га Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ҳам Ўзбекистонга пул жўнатмаларини юборганини тасдиқлаганди.

«Бизнинг банк тизимимиз долларда валютани жўнатиш билан боғлиқ тақиқларга қарамасдан трансчегаравий пул ўтказмалари оқимини йўлга қўя олди. Қўпол қилиб айтганда, пул ўтказмаларини рублда олдик. Бу муҳожирларимизга катта енгиллик бўлди — улар рублларни Ўзбекистонга ўтказиб, бу ерда сўмга алмаштиришлари мумкин бўлди. Мени билишимча бунақа ҳолат Тожикистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам бўлмаган. Балки ҳозир пайдо бўлгандир, бироқ аввал йўқ эди. Шунинг учун сиз ҳақсиз, кўплаб Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари пулларини бу ерга [Ўзбекистонга] ўтказишди», — деди у.

Меҳнат вазирлиги раҳбарининг биринчи ўринбосари буни Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товарларни қайта сотиш бўйича амалиётлар ошгани билан ҳам боғлади.

«Пул ўтказмаларига кичик ва ўрта бизнеснинг „челнок“ савдоси ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Тадбиркорлар Россияга экспорт қилиш учун товарларни олиб киради. Мавсум аллақачон бошланди дейиш мумкин… Нимага бу содир бўлади? Россияда валюта чекловлари ўрнатилгач одамлар муқаррар [товарларни] олиб ўтиш учун вариантларни қидира бошлади», — деди у.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, «бу жудаям атипик кўрсаткич» ва Ўзбекистондан параллел импорт учун транзит мамлакат сифатида фойдаланилаётгани борасида дастлабки хулосаларни қилса бўларди.

Чунки, Ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари сони 1 йил ичида 2,7 баробарга ошиши ёки уларнинг меҳнат унумдорлиги каррасига ошиб қолиши мумкин эмас.

«Регулятор Ўзбекистондан четга юборилган пул ўтказмалари ҳажми ҳақида маълумот эълон қилмаган. Агар бу миқдор ҳам юқори даражада ошган бўлса, импортнинг ҳам юқори суръатда ошаётгани инобатга олинса, Ўзбекистондан параллел импорт учун транзит мамлакат сифатида фойдаланилаётгани борасида дастлабки хулосаларни қилса бўларди.», — деб ҳисоблайди иқтисодчи.

Эслатиб ўтамиз, 10 июнь кунидан кучга кирган расмий валюта курсларига кўра, 1 АҚШ доллари 11 021,19 сўмни ташкил қилди. Шунингдек, Ҳисоб палатаси 2022 йил учун 1 АҚШ долларининг йиллик ўртача алмашув курсини 11 321 сўм миқдорида бўлишини прогноз қилганди.