11 июнь куни Тошкент шаҳридаги «Пахтакор» стадионида футбол бўйича U-23 Осиё кубоги чорак финали доирасида Ўзбекистон — Ироқ ўйинини ёритишга борган «Sevimli» телеканали мухбири ва тасвирчиси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ўртасида келиб чиққан ҳолати ўрганилди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.

Аввалроқ, Sevimli телеканали Ўзбекистон-Ироқ ўйинини видеога олаётган тасвирчи бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари томонидан калтакланганини хабар қилганди. Ходимлар кейин узр сўрашган ва воқеа ҳақида хабар бермасликни талаб қилишган. Телеканал ўшанда янгиликни ўчириб ташлаганди.

Мазкур ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатларига киришилди. Терговнинг бориши устидан Бош прокуратура томонидан алоҳида назорат ўрнатилди.